Маҳалла раислигига энг муносиблар сайланади
Сурхондарёда маҳалла раислари сайловини юксак савияда ўтказиш учун 6 минг 675 аъзодан иборат ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловида Сурхондарё вилоятидаги 721 та маҳаллага раис сайланади.
Айни пайтда вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 16 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ муҳим тадбирни очиқ, ошкора ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Президентимиз шу йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳудудларда маҳаллабай, хонадонбай тамойилини жорий этиш орқали маҳалланинг жамият ижтимоий-маънавий тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, соҳа фаолиятини чуқур ислоҳ қилиш орқали одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг учун ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада ривожлантириб, маҳаллани халқимизнинг дарду-ташвишлари, эзгу орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан биладиган тузилмага айлантириш вазифаси белгилаб берилди.
– Мамлакатимизда ўтмишдан шаклланган ноёб бу институт “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да янги босқичда ривожлантирилиб, ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, оилаларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли муаммолари билан самарали ишлаш учун етарли шароит яратилмоқда, – дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов. – Маҳалла жамиятимизнинг том маънодаги миллий муҳим бошқарув бўғинига айланаётган бир пайтда воҳада сайловни юксак савияда ташкил этиш учун фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман ва шаҳар комиссиялари, маҳаллаларда сайловни ташкил этиш ва ўтказувчи ишчи гуруҳлари тузилди.
Ҳудудларда ўқув-семинарлари уюштирилиб, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси, сайлов бюллетени намунаси, сайловни ўтказиш, номзодлар кўрсатиш тартиблари хуллас, ташкилий-ҳуқуқий асослари атрофлича тушунтирилди. Қонунга мувофиқ белгиланган муддатда сайлов ўтказиладиган манзиллар аниқланиб, рўйхати шакллантирилди. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи туман ва шаҳар комиссиялари тегишли жадвал асосида фуқаролар йиғинини чақириш тўғрисида қарорлар қабул қилиб, илк йиғилишларини ўтказди.Маҳалаларда 6 минг 675 кишидан иборат сайловни ташкил этиш ва ўтказувчи ишчи гуруҳи тузилди. Белгиланган меъёр асосида сайлов ёшига тўлган фуқаролар умумий сонининг ўн икки фоизидан кам бўлмаган миқдорда яъни, 185 минг 811 нафар маҳалла ҳаётида фаол қатнашадиган вакиллар шакллантирилиб, кўча ва хонадонларга тақсимланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳам ҳудудлардаги кўча ҳовли ва уйларга бириктирилиб, фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларини ўтказиш жадвали тасдиқланди. Маълумки, маҳалла раисларининг уч йилга сайланиши бу улар учун катта ишонч ва масъулият белгисидир. Эндиликда мазкур вакиллик нормаси асосида ўзини ўзи бошқариш органларидаги ҳовлилар, уйлар ва кўчаларда сайлов ўтказиладиган сана, вақт, жойи белгиланиб, сайловни амалдаги қонунларимиз доирасида ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларни жойлардаги кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари назорат қилади. Барча масалаларни мувофиқлаштириш учун вилоят, туман ва шаҳар штаблари ташкил этилган. Энг муносиб номзодларни танлаш ва тавсия этиш ҳам муҳим вазифалардан биридир. Бунда аҳолининг ўй-ташвишини чуқур биладиган, етакчилик қобилиятига эга кишиларнинг танланиши фуқаролар йиғинлари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаолияти кучайтирилиб, аҳоли дуч келаётган муаммо ва муҳим масалаларни шу ернинг ўзида ҳал этиш учун қулай имконият яратилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли сингари янги лавозимлар жорий этилиб, барча ишларни тизимли йўлга қўйишга эътибор кучайтирилди. Бу жараёнда энг муносиб номзодларнинг раис этиб сайланиши улкан янгиланиш ва ўзгаришларнинг қайноқ нуқтасига айланаётган маҳаллаларда барча ишларни янада сифатли амалга ошириб, кўп миллатли халқимизнинг осуда, аҳил-иноқ, фаровон яшашига хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА