Маҳалла институти: делегатлар сайланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятидаги барча шаҳар ва туманларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун делегат сайлаш жараёни бўлиб ўтди. Унда мавжуд 788 та маҳалла раиси орасидан вилоят кенгаши ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун 118 нафар делегат сайланди.
Наманган шаҳридаги Маърифат марказида мазкур масалага бағишлаб ўтказилган йиғилишни вилоят ҳокими, вилоят кенгаши раиси Шавкат Абдураззоқов олиб борди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилмоқда.
Йиғилиш кун тартибидаги дастлабки масала сифатида Президентимизнинг маҳалла институтининг жамиятдаги ролини оширишга қаратилган фармон ва қарори, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрдаги йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда маҳалла фуқаролар йиғинлари олдида турган масалалар тўғрисида маъруза тингланди.
[gallery-15489]
Сўнгги йилларда маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, аҳоли муаммолари билан ишлашда бошқарувнинг мазкур тизими фаолиятини такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Янги йилдан бошлаб эса, юқоридаги ҳужжатларга асосан, МФЙлардаги “бешлик” тизимига солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, “еттилик” тарзида иш олиб боради. Шунингдек, туман ва шаҳарларда “Маҳалла бюджети” тизими амалиётга жорий этилди. Шу билан бирга, мазкур бўғинда яна кўплаб янгилик ва ўзгаришлар кузатилмоқдаки, улар ёрдамида маҳаллаларни халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш мақсад қилинган.
Тадбирда маҳаллалар раислари тизимдаги ўзгаришлар, “маҳалла еттилиги” ишини самарали ташкил этиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Якунда Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси конференциясида иштирок этиш учун вилоят номидан қатнашадиган делегатлар сайланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА