Маҳалла – аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг самарали бўғини
Маҳалла ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий институти. Замонавий дунёда глобаллашув ва урбанизация жараёнларига қарамай, маҳалла аҳолининг талаб ва манфаатларини акс эттирувчи аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга доир фармони ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қарорига мувофиқ қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Маҳаллаларда фуқаролар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал қилишга қаратилган «Маҳалла еттилиги» тизими жорий этилди.
Маҳалла раиси бошчилигидаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқ инспектори ҳамда ижтимоий ходимдан иборат турли идораларнинг маҳалладаги вакиллари ҳамфикрликда фаолият олиб бормоқда. Бу жамоага давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат фаоллари томонидан турли йўналишда кўмак бериб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) ва «Chemonics International» компанияси томонидан Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият органлари билан уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, сифатли хизмат кўрсатиш, масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, демократик бошқарувда фуқаролар иштирокини кучайтириш соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш мақсадида беш йиллик “Маҳаллий давлат ҳокимиятини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади сифатида Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясига мувофиқ, илғор тажриба ва ҳисоб-китоблар асосида марказлашган тизимдан марказлашмаган тизимга ўтиш стратегияси учун зарур меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш бўйича юртимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳудудлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларига мавжуд ёки янги мажбуриятларини яхшироқ бажариш имконини бериш орқали маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини ошириш ва ҳудудларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратни кучайтиришга кўмаклашишдан иборат.
Жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда тадқиқот олиб борилди. Ундан кўзланган мақсад – аҳолининг мамлакатдаги ижтимоий вазиятга бўлган муносабатини, маҳаллий секторлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятидан аҳолининг қониқиш даражасини аниқлаш. Шунингдек, олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, жойлардаги маҳаллий бошқарув тизимлари – МФЙ еттилиги, секторлар, шаҳар/туман ҳокимликларининг иш самарадорлигини баҳолашда жамоатчилик фикрини эътиборга олиш бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқиш белгилаб олинди.
Тадқиқот доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан кейинчалик ўз фаолиятида қўллаш мумкин бўлган анкета сўровномаси, тадқиқотга интервьюларни саралашга доир услубий кўрсатма, социологик тадқиқотда респондентларни саралашга доир қўлланма, агентликнинг жойлардаги раҳбар ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолашга қаратилган электрон платформага интеграция қилиш бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқилди. Услубий кўрсатмалар Жиззах ва Навоий вилоятларининг барча туман, шаҳарларида ўтказилган социологик сўров орқали синаб кўрилди.
Олинган натижалар аҳолининг секторлар фаолиятидан қониқиш даражаси ижобий эканлигини, МФЙда инфратузилма ҳолатидан, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигидан, аҳоли билан мулоқот ва мурожаатлар ижросидан, маҳалла еттилиги фаолиятидан қониқиш даражалари юқори эканлигини кўрсатди.
Бугунги кунда фуқароларда давлат муассасаси ва давлат хизматчиларига нисбатан ишонч даражасини ошириш ҳамда аҳоли ишончини суиистеъмол қилмаслик давлат сиёсатининг асосий мақсадларидан биридир.
Маҳалланинг ўзаро алоқалари ва ҳамкорлиги орқали, жамиятнинг барқарорлиги ва ривожланиши таъминланади.
Алишер ЮНУСОВ,
Социология фанлари номзоди, доцент.
ЎзА