«Ижодий баҳс»: Ёш истеъдодлар кашф этилмоқда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фаоллар залида «Хиёбон оқшомлари» маънавий-маърифий тадбирлари доирасида навбатдаги «Ижодий баҳс» шеърий ва насрий асарлар беллашуви ташкил этилди. Бу гал унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг ёш ижодкорлари ўзаро куч синашди.
Адабиёт — қалблар мулоқоти, фикрлар туташадиган, истеъдодлар тобланадиган майдон. «Ижодий баҳс» лойиҳаси ҳам ана шу мақсадга хизмат қилиб, ёш қаламкашларга ўз ижодини намоён этиш, тенгдошлари билан фикр алмашиш ва адабий маҳоратларини синаб кўриш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан 2023 йил сентябрь ойидан буён мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур лойиҳанинг асосий мақсади — ёш истеъдодларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг бадиий ижодга бўлган қизиқишини рағбатлантириш, маҳоратини ошириш ҳамда ижодкорлар ўртасида самимий мулоқот ва тажриба алмашиш муҳитини яратиш.

Бу галги беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси шарафини Муҳамеддин Айтжанов, Аллаяр Дарменов, Гўзал Жумамуратова ва Қувандиқ Бийсенбаев ҳимоя қилган бўлса, Навоий вилояти жамоаси таркибидан Моҳира Эшпўлатова, Ўлмас Раимқулов, Флора Узоқова ва Фахриёр Бахтиёров ўрин олди.
Ижодий баҳсга ижодкорлар Алишер Назар ва Гулноз Мўминовадан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳакамлик қилди. Улар иштирокчиларнинг асарларини белгиланган мезонлар асосида баҳолаш билан бирга, ёш қаламкашларнинг ижодий изланишлари, шеър ва насрдаги ўзига хос ёндашувлари, бадиий маҳорати ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Беллашув шартларига мувофиқ, шеърлар иштирокчилар томонидан жонли тарзда ўқиб эшиттирилди ва ҳакамлар томонидан баҳоланди. Насрий асарлар эса муаллифларнинг исми-шарифи кўрсатилмаган ҳолда ҳакамларга тақдим этилди. Бу эса асарларни муаллиф шахсидан келиб чиқмаган ҳолда, фақат бадиий савияси ва мазмунига қараб баҳолаш имконини берди.

Ҳар икки йўналишда тўпланган баллар умумлаштирилиб, жамоаларнинг якуний натижалари аниқланди. Белгиланган тартибга кўра, ғолиб жамоа танловнинг кейинги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа таркибида энг юқори натижа қайд этган икки нафар ёш ижодкорга ҳам кейинги босқичда янги жамоа сафида қатнашиш имконияти берилди.
Эътиборлиси, «Ижодий баҳс»нинг аҳамияти фақат ғолиблик ёки юқори балл билан ўлчанмайди. Бу ерда ёш ижодкорлар бир-бирининг асарларини тинглайди, ўз қарашларини баён этади, фикр-мулоҳазалардан хулоса чиқаради. Энг муҳими, бундай учрашувлар уларни изланишга, ўз устида ишлаш ва ижодда янги марралар сари интилишга ундайди.
Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ёш ижодкорлар, талабалар, бадиий адабиёт ихлосмандлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Н.Усмонова,
ЎзА