Маъданни қайта ишлаш янада такомиллашади
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан Марказий кон бошқармаси ташкил этилганлигининг 60 йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Мурунтов кони ва 7-гидрометаллургия заводига пресс-тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этилди.
Бугунги кунда Марказий кон бошқармасида 21 минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Кейинги йилларда янги гидрометаллургия заводларини қуриш, янги конларни ўзлаштириш, амалдаги кон ва заводларнинг қувватларини ошириш бўйича йирик инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши кон бошқармасида ишлаб чиқариш суръатини оширишга хизмат қилмоқда.
Сўнгги етти йилда инвестицион лойиҳалар асосида 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводи иккинчи навбати ишга туширилиши, “Мурунтов”, “Ауминзо-Амантой”, “Балпантов”, “Томдибулоқ”, “Турбай” конларида олиб борилган ишлар комбинатнинг янги имконият ва истиқболини белгилаб берди.
Бунинг натижасида Марказий кон бошқармасида тоғ жинсини қазиб олиш 2017 йилда 75,7 миллион кубометрни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 166,1 миллион кубометрга тенг бўлди. Шунингдек, маъданни қайта ишлаш бўйича ҳам катта натижаларга эришилди. Хусусан, 2-ГМЗнинг Олтинни уюмда ишқорлаш цехида 2017 йилда 62 миллион тонна маъдан қайта ишланган бўлса, инвестицион лойиҳалар асосида 5- ва 7-ГМЗ, 2-ГМЗ иккинчи навбати ишга туширилиши ҳисобига 2023 йилда бу кўрсаткич 99,3 миллион тоннага етказилди.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ва журналистлар жаҳонга машҳур "Мурунтов" олтин конида бўлиб, қазиш жараёни, конни ўзлаштиришнинг 5-навбати доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
– “Мурунтов” кони геологлар томонидан энг йирик олтин ресурсларига эга кон сифатида эътироф этилиб, унинг ресурслари 4,5 минг тоннадан ортиқ баҳоланган, – дейди бош муҳандис ўринбосари Ҳамид Сайфуллаев. – Бу кон олтин таркибли маъданни қазиб олиш бўйича дунёдаги энг йирик конлардан бири ҳисобланади. Айни вақтда коннинг узунлиги 5,5 километр, кенглиги 3,4 километр, ўртача чуқурлиги 650 метрни ташкил этади. Кейинги йилларда конни ўзлаштиришнинг 5-навбати бўйича амалга оширилаётган инвестицион лойиҳа доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Komatsu”, “Caterpillar”, “Hitachi”, “Libherr” каби етакчи хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган оғир юк кўтарувчи автоағдаргичлар, гидравлик экскаваторлар ва бошқа кон техникалари олиб келиниб, конда иш унумдорлигини ошириш, сарф-харажатларни қисқартириш имконини бермоқда.
[gallery-17649]
Бугунги кунда “Мурунтов”да вазни русумига қараб қарийб 400 тоннагача бўлган 136 тоннадан 240 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга 105 га яқин “БелАз”, “КАТ” ва “Комацу” русумли автосамосваллар ишламоқда.
– 2006 йилдан буён шу ерда ишлайман. Бу баҳайбат машиналар ҳам худди енгил автомашиналар сингари бошқарилади, – дейди ҳайдовчи Мансур Рамазонов. – Автоағдаргичда барча шароитлар мавжуд. Ёзда ичида совиткичлари ишлайди. Хоҳлаган даражага қўйиш мумкин. 12 соатлик сменада тепада ишласа 500 литр, чуқурда ишласа 2800 литргача ёқилғи сарфлайди. Олдида 10 та, мотор билан қўшиб ҳисобласак жами 21 та чироғи бор. Ёнилғи баки 4500 литр сиғимга эга. 240 тоннагача юк кўтаради.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида қиймати 247,6 миллион доллар бўлган “Олтинни уюмда ишқорлаш цехида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш (7-ГМЗ)” лойиҳаси муҳим лойиҳалардан биридир. 2020 йилда корхонани ишга тушириш давомида 3,3 миллион тоннадан ортиқ техноген чиқиндилар қайта ишланиб, тайёр маҳсулот олинган бўлса, 2023 йилда йиллик ишлаб чиқариш қуввати қарийб 15,9 миллион тоннага етказилди. Жорий йил якунига қадар эса маъданни қайта ишлашни 16 миллион тоннага етказиш устида иш олиб борилмоқда.
– 7-гидрометаллургия заводида қўлланилаётган технологиялар эвазига қайта ишланган маъданни яна қайта ишлаб, маҳсулот олиш имконияти мавжуд, – дейди завод директори вазифасини вақтинча бажарувчи Жасур Абдуллаев. – Корхонада техноген чиқиндилардан маҳсулот олиниши экологик жиҳатдан барча талабларга тўла жавоб беради. Энг муҳими, қайта ишлаш жараёнида фақатгина маҳаллий кимёвий маҳсулотлар ишлатилади. Бу эса ички бозорнинг ўсишига олиб келади, маҳсулот таннархини арзонлаштиради. Энг муҳими завод қурилишида қўлланилган асосий технологик ускуналар, турли дастгоҳлар чет элдан сотиб олинмади. Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилган технологиялардан фойдаланилди. Натижада 56 миллион долларга яқин маблағ тежалди. Асосийси, ҳозирги кунда 840 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксариятини ёш кадрлар ташкил этади.
Заводда ташкил этилган матбуот анжуманида Марказий кон бошқармаси таркибидаги Ташқи сув таъминоти бирлашган энергохизмати, 2-ГМЗ фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари