“Маданият.Мерос.Мен” маърифий акцияси
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ҳамда Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейи ҳамкорлигида ташкил этилган маърифий акция “Маданият.Мерос.Мен” деб номланди.
Унинг очилишида Маданий мерос агентлиги директори Турсунали Қўзиев мамлакатимизда бой миллий маданий меросимизни кўз-қорачиғидек асраб-авайлаш масаласи долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Акция доирасида Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейи жамоаси ҳамда Нукус давлат университетининг иқтисодиёт факультети туризм йўналиши биринчи босқич талабалари қадимий шаҳристонлар, қалъалар, қўҳна кентлар ҳудудини бегона ўт-ўланлар ҳамда турли чиқиндилар, маиший қолдиқларидан тозаладилар.
Бу каби маърифий лойиҳалар ёшларни маданий меросимизга ҳурмат, ватанпарварлик, юрт тақдири учун дахлдорлик туйғусида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Усмонова,
ЎзА