Маданият вазири Озодбек Назарбековга парламент сўрови юборилди
Юртимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, болалар мусиқа ва санъат таълими тизимини такомиллаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, республика бўйлаб 326 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилди. Қатор ўқув бинолари реконструкция қилиниб, мусиқа чолғулари ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди.
Шу билан бирга, депутатлар томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар ҳамда таълим муассасаларидан келиб тушган маълумотлар таҳлили соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор тизимли масалалар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Жумладан, Термиз, Фарғона, Урганч, Самарқанд, Навоий шаҳарларидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари, Андижон шаҳридаги Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби, Тошкент шаҳридаги Р.Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳамда бошқа қатор муассасалар бинолари капитал таъмирга муҳтожлиги аниқланди.
Президентимизнинг 2020 йил 4 февралдаги қарорида 2021/2022 ўқув йилидан Бухоро, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларида Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳузурида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларини ташкил этиш вазифаси белгиланганига қарамай, мазкур вазифа тўлиқ бажарилмаган.
Шунингдек, Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби учун Бухоро шаҳар “Бунёдкор” МФЙ ҳудудидан бир гектар ер майдони ажратилган бўлиб, 43 млрд. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган бўлса-да, маблағ ажратилмагани сабабли қурилиш ишлари бошланмаган.
Баъзи мусиқа ва санъат таълими муассасаларида ўқувчилар сони биноларнинг лойиҳа қувватидан юқори. Айримларида эса машғулот хоналарининг акустик ҳолати талаб даражасида эмас. Махсус синф хоналари ва концерт заллари етишмаслиги муаммоси мавжуд. Қолаверса, кадрлар билан таъминлаш соҳасида ҳам муаммолар сақланиб қолмоқда. Яъни, айрим муассасаларда концертмейстерлар ва тор ихтисосликлар бўйича педагоглар етишмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида юқоридагилардан келиб чиқиб, санъат таълими муассасаларини зарур жиҳозлар ва ўқув-услубий воситалар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, санъат таълими муассасаларида таълим сифатини ва кадрлар салоҳиятини ошириш, педагогларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда мактаб-интернатларни тарбиячилар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида маданият вазири О.Назарбековга парламент сўрови юборилди.
М.Комилова,
ЎзА