Маданият соҳаси фаолияти сарҳисоб қилинди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Маданият вазирлигининг 2020 йилдаги фаолияти якунлари ва галдаги устувор вазифалар юзасидан Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига оид ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари йиғилиш кун тартибидаги асосий масала бўлди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат театрларининг 2020 йил ижодий, ташкилий, маънавий-маърифий йўналишлардаги фаолияти якунлари ва 2021 йилга белгиланган устувор вазифалар тўғрисида маълумот берилди. Давлат музейлари ва уларнинг филиаллари фаолияти, улардаги муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими, музейлар фаолиятини ривожлантиришга оид муҳим вазифалар ҳамда маданий мерос объектларида амалга оширилаётган консервация ва реставрация қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ишлари юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Шу билан бирга, 2021 йилда Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган "II Халқаро бахшичилик санъати фестивали"га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганиб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, бадиий ҳаваскорлик жамоаларига “Халқ ҳаваскорлик” ва “Болалар намунали” жамоалари унвонини бериш масалалари муҳокама қилинди.
Айни пайтда Маданият вазирлиги тизим ташкилотларининг баҳолаш рейтинги натижалари эълон қилинди.
Қолаверса, таълим муассасаларида талабаларга дарс бериш жараёнларини ташкил этиш ҳолати, мавжуд моддий-техник базасидан оқилона фойдаланиш ҳамда юзага келаётган муаммо ва уларни бартараф этиш, Республика бахшичилик санъати маркази ва Мақом маркази томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилдаги устувор вазифалари ҳамда соҳага инвестицияларни жалб этиш ва маданий туризмни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар бўйича режалар ўрганиб чиқилди.
Йиғилишда келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди.