Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар – муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни муносабати билан “Мингтепа–маданий мерос” жамоат фонди, Марҳамат тумани ҳокимлиги, Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси ҳамкорлигида қадим ёдгорликлар ва тарихий жойларни, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этиш, туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган мазкур тадбирда тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар, маданий мерос объектларини асраш ва туризм йўналишида фаолият олиб борувчи корхона, муассасалар вакиллари, ўлкашунослар, ёш олимлар, ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб анжуман иштирокчилари ва меҳмонлари туман марказидаги “Хотира хиёбони”да ташкил этилган “Мингтепа” музейи фаолияти, музейдаги юртимизнинг минг йиллик тарихидан сўзловчи, қадим Давон давлати даврига оид ноёб экспонатлар билан танишди.
Анжуманнинг очилишида сўз олган Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари Ҳафизахон Мамаризаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримов, “Мингтепа– маданий мерос” жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов томонидан юртимизнинг тарихий ёдгорликлари ва зиёратгоҳларини асраш, ободонлаштириш, улар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунча ва билимлар бериш, ички туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу анжуман мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келаётганлиги таъкидланди.
– Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад нафақат туманимиз, вилоятимиздаги, балки республикасмиздаги тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ана шу жойларни ободонлаштиришга кенг жамоатчилик, халқимизнинг эътиборини қаратиш ҳамда туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишдир, – дейди “Мингтепа –маданий мерос” жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов. – Қолаверса, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолар ҳақидаги билим ва тушунчаларини юксалтириш орқали уларда қадим тарихимизга, она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳамлашдан иборатдир.
Анжуманда Андижон давлат университети профессори Улуғбек Абдуллаев, “Мингтепа –маданий мерос” жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Шаҳло Ҳусанова, Андижон вилояти Маданий мерос бошқармаси бош мутахассиси Дилшодбек Юсуповнинг маърузалари тингланди. Шунингдек, иштирокчиларга “Мингтепа–маданий мерос” жамоат фонди томонидан тумандаги тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжоларни тарғиб этиш, ана шу масканларда туристик йўналишларни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Анжуман доирасида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар – муқаддас меросимиз” мавзусида танлов ўтказилди, тарихий буюмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Танлов ва кўргазмада талаба, олим ва ижодкорларнинг “Ҳудудлардаги ёдгорликлар, тарихий жойлар, зиёратгоҳ ва шифобахш булоқлар ҳақида мақола ёки ижодий иш”, “Довон давлати, Мингтепа (Эрши) ҳақидаги мақола ёки бадиий асар”, “Қадимий Мингтепа харобасини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олимларнинг илмий изланишлари тўғрисидаги мақола”, “Мингтепа заминида яшаб, ижод қилган улуғ ижодкорлар ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги мақола” мавзуларида ижодий ишлар, шунингдек, ҳаваскор коллекционерлар (нумизматика, тарихий осори-атиқалар, кулолчилик ва уй-рўзғор буюмлари, тақинчоқлар, иш қуроллари, ёзма ва маданий ёдгорликлар акс этган фото ва мусаввирлик)нинг асарлари, вилоятдаги ёдгорлик ва тарихий жойларга сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар, видеороликлар намойиш этилди.
Танловда андижонлик олим ва ижодкорлар, шунингдек, Фарғона давлат университетининг ўқитувчи ва талабалари ўзларининг ижодий ишлар, бадиий ва тасвирий санъат асарлари, илмий мақолалари билан фаол қатнашди.
[gallery-17004]
– Танловда “Қадимги Мингтепани ўрганишда археологик изланишларнинг тутган ўрни” деб номланган мақолам билан иштирок этдим, – дейди Андижон давлат университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Авазбек Мирзаев. – Мақолам юқори баҳоланиб, “Қадимий Мингтепа харобасини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олимларнинг илмий изланишлари тўғрисидаги энг яхши мақола” йўналишида 1- ўринни қўлга киритдим.
Якунда барча йўналишлар бўйича ғолиб, совриндор ва фаол иштирокчилар танлов ташкилотчиларининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умурзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари