Мадҳияни алла каби айтмоқ керак (видео)
1992 йил 10 декабрь. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун.
1992 йил 10 декабрь. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Бу – бизнинг тарихий қўшиғимиз, ватанимиз қўшиғи. Бугун кўплаб юртдошларимиз қўлни-қўлга бериб, ёмғир остида жўровозликда ижро этди.
“Серқуёш ҳур ўлкам элга бахт нажот...”. Мадҳиямизнинг бу сўзлари пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги саройи ёнидаги очиқ майдонда тонгдан буён янграмоқда. Ўз юмушлари билан атрофдан ўтиб-қайтаётган йўловчилар ҳам бир неча дақиқа ҳаёт ташвишларини унутиб, куй ижрочиларни томоша қилмоқда. Ҳарбийлар, кичик ёшдаги болажонлар тилидан янграган сўзлар қулоқларга ўзгача ёқимли эшитилса, не ажаб.
– Қўлимиз кўксимизда экан Ватан учун, юрт учун хизмат қилишимиз ва мадҳияни баралла айтишимиз керак, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мунира Қаҳҳорова. – Керак бўлса уйда болаларимизга ўргатишимиз уларда Ватан туйғусини оширади. Болаларга шундай ўргатингки, мадҳияни куйлаганда Ўзбекистон тарихини кўз олдига келтирсин. Мана шу юрт мени ватаним деган туйғулар юрак-юрагига жойлашсин. Ҳар бир оилада мадҳия она алласи каби янграши керак. Озодлик кунларига етиша олмаган аждодларимиз руҳи учун ҳам бу кунни байрам қилиш бурчимиз, мажбуриятимиз деб биламан.
“Ватаним мадҳияси — фахрим, ғурурим” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирда эл севган хонандалар ҳам ўз чиқишлари билан мухлисларни шод этди.
Мунира опанинг мадҳия она алласи каби ҳар бир хонадонда янграши керак деган сўзларидан кейин бошқа давлатларда мадҳияга муносабат қандай эканига қизиқиб, интернетдан баъзи маълумотларни ўргандик.
Қайд этиш керакки, Америка Қўшма Штатларининг давлат мактабларида ҳар куни эрталаб болалар гимнни ижро этар экан. Франция шу йилдан эътиборан ҳафтада икки соат давлат гимни дарсини жорий қилган бўлса, Туркияда давлат мадҳияси таълим тизимининг ажралмас бир қисми ҳисобланади.
Ҳиндистонда эса ҳар куни соат 9:00 да ўқувчилар саф тортиб, давлат мадҳиясини куйлаб, давлатга содиқлиги бўйича қасамёд қилса, Қозоғистоннинг шарқий ва ғарбий ҳудудларидаги давлат мактабларида бир неча йиллардан буён машғулотлар ўқувчиларнинг жўр бўлиб мадҳия куйлашидан бошланар экан.
Аслида ҳам мадҳия жамиятнинг барча аъзоларини ягона байроқ остига бирлаштирувчи воситалардан бири бўлиб, юрагида ватан ишқи яшаётган ватандошларимиз қалбида миллий ғурур, ўзликни англаш, миллий қадриятларни қадрлаш тимсолига айланаётгани шубҳасиз.