Маблағ уч йилдан сўнг эгасига қайтарилди
Кармана туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туманнинг "Катта-мачит" МФЙ "Хосо-қўрғон" кўчаси 76-уйда яшовчи фуқаро Юсуф Қурбонов 2019 йилнинг 20 май куни туман почта алоқа бўлими орқали абонент истеъмол қилган табиий газ учун 1000 м3га 326 минг сўм тўлов қилгани, аммо кунлар ўтса-да, туман газ бўлимининг “биллинг” базасида амалга оширилган тўлов суммаси кўринавермаётгани хусусида истеъмолчи сифатида бузилаётган ҳуқуқларининг ҳимояланишида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Жамият ходимлари томонидан мурожаатни ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам фуқаро тўлаган 326 минг сўм маблағ "Ўзбекистон почтаси" АЖ Кармана туман марказий алоқа бўлими ходими З.Д.нинг айби билан кирим қилинмасдан қолиб кетганлиги аниқланди. Изсиз кетган маблағ эгасига қайтарилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА