Маҳсулотлар импорти янада камаяди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани бир пайтлар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган бўлса, бугун ҳудудда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари сони ҳам кўпаймоқда. Туманда янги-янги истиқболли лойиҳалар амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 июлдаги “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туманда икки йил ичида биргина саноат йўналишида 20 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган эди.
Бугунга келиб ушбу қувватларнинг аксарияти ишга туширилди. Улардан бири “Қамаши муқаддас замин сервис” масъулияти чекланган жамиятининг гипс ва гипс маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси.
Айни пайтда жамият таъсисчилари 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредити ҳамда қарийб 500 минг АҚШ долларига тенг ўз маблағи ҳисобидан оҳактошни майдалашга ва гипс хомашёси олиш имконини берадиган замонавий технологияни харид қилиб, лойиҳанинг дастлабки босқичини ишга туширган ва бунинг натижасида ҳудуддаги 30 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Корхона жамоаси хом ашёни туманнинг Лангар қишлоғи яқинидаги тоғ конидан олиб келишади. Келтирилган тошлар замонавий технологиялар ёрдамида майдаланади ва элакдан ўтказилади. Тайёр хом ашё махсус печда қиздирилиб, ундан тоза гипс олинади. Корхона аъзолари ҳозирча мана шу ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш корхоналарига етказиб бермоқда. Келажакда ушбу маҳсулотларни корхонанинг ўзида чуқур қайта ишлаб, бир неча турдаги қурилиш маҳсулотлари кўринишида бозорга чиқариш мақсад қилинган.
Жамият раҳбари Ўрол Жабборовнинг айтишича, айни вақтда навбатдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳаракатлар бошланган. Хусусан, гипс хом ашёсидан “шпаклёвка” тайёрлаш имконини берадиган цех асбоб-ускуналарини олиб келиб ўрнатиш ва ишга тушириш устида иш олиб борилаяпти. Шунингдек, кейинги босқичда гипсокартон ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

