Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланган
Самарқанд шаҳрида “Маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий нормалар” мавзусида семинар ўтказилди.
Самарқанд шаҳрида “Маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий нормалар” мавзусида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси офиси, “Халқаро қамоқхона ислоҳоти” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг (Буюк Британия) Марказий Осиёдаги бўлими ҳамда БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиёдаги бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда прокуратура ва ички ишлар идоралари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармаси вакиллари, шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сақланадиган муассасалар ходимлари иштирок этди.
– Тошкент шаҳрида, кейинги кунларда Гулистон ва Жиззах шаҳарларида, бугун эса Самарқандда ўтказилаётган мазкур семинар маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганиш, бу борада Омбудсманнинг роли ва унинг давлат органлари билан ҳамкорлиги масалалари юзасидан фикрлашиб олишга қаратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти мудири Саидбек Азимов. – Шунингдек иштирокчиларни ушбу соҳада амалда бўлган халқаро-ҳуқуқий нормалар ва стандартлардан, жумладан, БМТнинг қийноққа солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенциясидан хабардор қилиш ҳам асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.
Семинарда жорий йилнинг март ойида қабул қилинган “Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Қийноққа солишга ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олиш бўйича Омбудсман фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари тўғрисида маълумот берилди.
Халқаро экспертлар семинар қатнашчиларини бу борадаги хорижий тажриба, маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг, шунингдек, ижтимоий соҳа муассасаларидаги вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги БМТ ва ЕХҲТнинг халқаро ҳуқуқий нормалари ва стандартлари билан таништирди.
– Жазони ижро этиш ёки бошқа ёпиқ шаклдаги муассасаларда сақланаётган, даволанаётган шахслар ҳам муайян ҳуқуқ ва эркинликларга эга ва бу давлат томонидан кафолатланиши керак, – дейди инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт, қозоғистонлик Анара Ибраева. – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро ҳуқуқ нормаларида бу жиҳатларга алоҳида урғу берилган. Кейинги йилларда бу борада Ўзбекистонда ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, эътибор қаратиш керак бўлган масалалар ҳам бор. Мазкур семинарларда шу соҳа бўйича фаолият кўрсатадиган ходимлар билан айни масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.