Маҳкумларга берилган навбатдаги имконият...
Афв кишилар фазилатининг энг гўзал намунаси, олийжаноблик белгисидир.
Афв кишилар фазилатининг энг гўзал намунаси, олийжаноблик белгисидир. Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, қатъий иқрори сабаб тузалиш йўлига ўтган шахсларни афв этиш орқали уларнинг ҳаётга бўлган умидини уйғотиш эзгу қалб билан яшаш ҳиссини ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидандир.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди томонидан жорий йил бошидан ҳозирга қадар амалга оширилган афв амаллари инсонлар тақдирида ўзгача аҳамият касб этиб, яна бир имкониятдан унумли фойдаланиш танловини бермоқда. Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил бошидан бугунга қадар афв этилган шахсларнинг 153 нафари жазодан тўлиқ, 547 нафари жазони ўташ муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. 227 нафарига тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилган бўлса, 772 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг сақлаш шароити жазони ўташ вақтида ўзгартирилди.
Маҳкумларни оқлаш, уларнинг айбидан ўтиш, жиноий ишни кечириш масалалари, аввало, суд раислари томонидан батафсил қонунчиликка биноан ўрганиб чиқилади. Ҳар қандай ҳужжат имзоланишида инсонлар тақдирига ижобий ва салбий таъсири теран мушоҳада этилади. Айниқса, жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам бунда муҳим ўрин тутади. Озодликнинг чекланиши, тўрт девор орасида виждон азобида, ўз изтироблари исканжасида қолишнинг қанчалик оғир синов эканлигини онгимизга сингдиришнинг ўзиёқ қийин. Инсон ўзлигидан қочиб қутила олмайди ва бундан ортиқ жазонинг ўзи бўлмаса керак.
Шарқ халқлари орасида машҳур ҳисобланган Кайковуснинг «Қобуснома» ахлоқий насиҳатнома асари асрлар ошса-да, ўзининг маънавий жозибасини йўқотмаган. Хусусан, унда келтирилган қуйидаги ҳикоятда кечиримлилик, раҳмдилликнинг гўзал кўриниши акс этган:
– Шундоқ эшитибманким, Муовия (Умавийларнинг биринчи халифаси, 661-680 йилларда ҳукмронлик қилган)нинг замонасида бир жамоа гуноҳ қилдиларки, уларга ўлим вожиб эрди. Муовия уларни ўз олдида ўлдурмакка буюрди. Уларнинг орасидин бир кишини ўлдурмак учун келтурдилар. Ул киши деди: – Эй амир, бизлар ўз гуноҳларимизға муқаррардурмиз. Ҳар уқубат қилсанг, бизларга сазовордур. Аммо Худо учун мендин икки калима сўз эшит ва жавобин берғил. Муовия деди: – Айтғил! Ул гуноҳкор деди: – Барча оламда сенинг ҳалимкараминг, мурувватинг ҳақида сўз машҳур ва мунташирдур (тарқалган). Агар бизлар бу гуноҳни бирорта бераҳм ва золим подшоҳнинг олдида қилсак, ул подшоҳ бизларнинг ҳақимизда на иш қилур эрди? Муовия деди: – Мен сизларга на иш қилмоқ бўлғон бўлсам, ул ҳам ушбу ишни қилур эрди. Ул киши деди: Сенинг шунча ҳалим, раҳим ва каримлигингдин бизларга на фойда бўлғайки, гарчи сен бераҳм ва бемурувват подшоҳнинг қилғон ишин қилғайсан?! Муовия деди: – Агар бу сўзни бурунғи ўлғон киши айтса эрди, барчасин озод қилур эрдим, энди қолғонларин афв қилдим.
Афв – меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди. Жиноятчини ўзингдан нари итарсанг, уни тузатиб бўлмайди, маҳкумларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамда имкониятлардан мақсад, уларнинг ҳаётга мослашувчанлигини ошириш, жиноятчиларнинг хавфлилик даражасини сусайтириш ва тўғри йўлга йўналтириш, шунингдек, содир этган хатти-ҳаракати қонунга зид ва жиноят эканлиги, пушаймонлиги, айбига иқрорлигини ҳам ақлан, ҳам виждонан тушуниб етишларига кўмаклашишдан иборатдир. Умид қиламизки, Навоий вилояти Жиноят суди томонидан маҳкумларга берилган навбатдаги имконият эшиклари ва ишонч ҳисси ўзини оқлайди.
Акмал АКРАМОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилояти суди бўлим бошлиғи
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилояти суди бўлим бошлиғи