Маҳаллалар учун янги бинолар қурилмоқда
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини биноси капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини биноси капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократиянинг ўзига хос ноёб, дунёда ўхшаши бўлмаган мазкур тузилма фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллалар жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади. Шу маънода, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш, уларнинг бугунги яшаётган кунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшашини таъминлашда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётир.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), уларни зарур мебель, компьютер, алоқа воситалари ва интернет тармоғи билан таъминлаш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент вилояти, хусусан Қибрай туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

– Туманимизда 88 та фуқаролар йиғини фаолият юритади, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қибрай тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Хусан Авазматов. – Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги ва 2019 йил 2 апрелдаги тегишли фармони талабидан келиб чиқиб, айни пайтга қадар уларнинг 35 таси таъмирланди. 2 та фуқаролар йиғинининг биноси реконструкция қилинди. 2020 йилда эса “Юқори юз”, “Ҳосилдор”, “Илғор”, “Тинчлик”, “Янги Ўнқўрғон”, “Обод” ва “Шодлик” фуқаролар йиғини бинолари давлат хусусий шериклик асосида янгидан қурилиб, феврал ва март ойларида фойдаланишга топширилади.
Маълумотларга кўра, жорий йил туманда 12 та маҳалланинг биносини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги тегишли фармони билан 46 та маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси мулк ҳуқуқи асосида маҳалла тасарруфига ўтказилган бўлса, жорий йил қолган 42 маҳалланинг биносини маҳаллалар тасарруфига ўтказиш режалаштирилган.
“Нурафшон” фуқаролар йиғинининг ҳашар йўли билан капитал таъмирланган янги биносида нафақат фуқаролар йиғини ходимлари, балки бу ерга келадиган ҳар битта фуқаро учун барча қулайлик яратилди.