Маҳалла институти фаолияти янада такомиллашади
Шу боис эндиликда фуқаролар йиғини раисининг 3 та ўринбосари тегишли манбалар ҳисобидан иш ҳақи олиб фаолият юритиши белгиланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳани такомиллаштириш, жамиятнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланган маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги «Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 485-сонли қарори соҳани янада ривожлантириш йўлидаги муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралда қабул қилинган «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилиниб, унда фуқаролар йиғини фаолиятини янада такомиллаштириш борасида бир қанча муҳим ўзгаришлар белгиланган.
Хусусан, мазкур Фармон асосида фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчи мақомидаги мавжуд ўринбосарлари лавозимлари, шунингдек, фуқаролар йиғини қошида фаолият юритиб келган олтита комиссия ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси тугатилиб, фуқаролар йиғини раисининг учта ўринбосари, иккита маслаҳатчиси ва битта мутахассис лавозимлари ҳамда фуқаролар йиғинининг иккита янги комиссияси ташкил этилганлиги белгиланди.
Бу бежиз эмас, албатта. Боиси фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари ва маҳалладаги бир қанча комиссиялар аввал жамоатчилик асосида фаолият юритиб келган. Натижада эса ўтган вақт давомида мазкур тузилмалар ўз вазифасини тўла бажара олмади.
Хусусан, оилавий ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳалла ва оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби маҳалланинг энг муҳим вазифаларини амалга оширишда юқоридаги комиссия ва ўринбосарларнинг ўрни ва роли деярли сезилмади. Албатта бунга қайсидир маънода уларнинг жамоатчилик асосида фаолият юритгани ҳам сабаб бўлган.
Шу боис эндиликда фуқаролар йиғини раисининг 3 та ўринбосари тегишли манбалар ҳисобидан иш ҳақи олиб фаолият юритиши белгиланди. Бу эса уларнинг бевосита ўз йўналишлари бўйича ҳудуддаги зарур масалаларга сидқидилдан ёндашиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш учун зарур чоралар кўришига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорида фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Айтиш лозимки, ушбу баҳолаш тизимида фуқаролар йиғинлари раисларининг учта ўринбосари, битта мутахассис ҳамда фуқаролар йиғинидаги комиссияларнинг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган самарали фаолияти йиғиндиси ҳисобга олинади. Якунда эса «намунали», «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» фуқаролар йиғинлари аниқланиб, «намунали» деб топилган фуқаролар йиғинларининг ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахслар моддий рағбатлантириб борилади.
Хусусан, йил якуни натижалари бўйича «намунали» деб топилган фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахсларга республика ҳудудидаги санаторийлардан бирида соғлигини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма бериш амалиёти сақлаб қолинди.
Албатта, бу тизимни ташкил этишдан бир қанча муҳим мақсадлар кўзланган бўлиб, энг муҳими, маҳаллаларда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган тизимни жорий этишдир.
Қолаверса, мазкур тизим орқали фуқаролар йиғинлари томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар таълим-тарбиясида ва маънавиятини юксалтиришда нуронийларнинг ролини ошириш, шунингдек, тизимда меҳнат қилаётган ходимларнинг ўз ишига бўлган масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Шунингдек, ушбу баҳолаш мезони фуқаролар йиғинларининг аҳоли муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтириш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини тизимли ташкил қилишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, бу тизим орқали аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, жумладан, хотин-қизларни, қишлоқ жойлардаги ёшларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ишларини ривожлантириш, ёлғиз кексалар, эҳтиёжманд ҳамда камбағал оилаларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларни тизимлаштириш ва нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда фойдаланиш кўзда тутилган.
Мазкур қарорда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини олиб борувчи автоматлаштирилган веб-порталнинг техник-лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаш, 2021 йилнинг 1 майидан веб-портални ишга тушириш белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, қарорда бугунги кунда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан маҳалла тизимига оид маълумотларни тақдим этиш, бу борада тезкорлик ва шаффофликни таъминлашда маълум муаммо ва камчиликлар борлиги инобатга олиниб, бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида эндиликда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг сўровига мувофиқ, мазкур қарор билан тасдиқланган низомда назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш, бунда маълумотларнинг асослангани, ишончлилиги ва белгиланган муддатда тақдим этилиши учун маълумотни киритаётган идораларнинг биринчи раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклатилди.
Ўйлаймизки, бу янгилик маҳалла тизими фаолиятини янада ривожлантириш, аҳоли муаммоларини ҳал этишда тезкорлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, йўлга қўйилаётган мазкур амалиёт маҳалла фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун уларга етарли шароит яратиш ва ғамхўрлик кўрсатиш, тизимга оид муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.
Ботир ПАРПИЕВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
вазири ўринбосари