Лутфихоним Саримсоқова таваллудига 130 йил тўлди
Санъат ва матонатнинг ўлмас тимсоли:
Ўзбек маданияти ва санъати осмонида шундай ёрқин юлдузлар борки, уларнинг нури вақт ўтиши билан хиралашмайди, аксинча, авлодлар алмашган сари янада юксакроқ чарақлайди. 1896 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманида таваллуд топиб, қарийб бир асрлик шарафли ва мураккаб умр гузарон қилган Ўзбекистон халқ артисти Лутфихоним Саримсоқова ана шундай ўлмас сиймолардан биридир. Унинг номи тилга олинганда, кўз ўнгимизда киноэкран ва театр саҳналарида яратилган меҳрибон она, доно буви ва мушфиқ ўзбек аёлининг мумтоз образлари гавдаланади. Бироқ бу мунис нигоҳлар ортида қандай мислсиз ирода, темир матонат ва санъатга бўлган чексиз фидойилик яширинганини, унинг ҳаёт йўли фақатгина қарсаклардан эмас, балки оғир синовлардан ҳам иборат бўлганини ҳамма ҳам анлайвермайди.
Лутфихоним Саримсоқованинг санъат чўққисига чиқиш йўли равон кечмаган. Даврнинг қатъий қолиплари ҳукмрон бўлган муҳитда у ёшлигиданоқ етимликнинг аччиқ нонини тотиб кўрди. Акасининг қарамоғида яшашга мажбур бўлган қиз, кейинчалик Қамбар опа исмли меҳридарё аёлни она тутиниб, унинг уйидан паноҳ топади. У ҳам ўша даврнинг оддий аёллари каби чор девор ичида каштачилик ва дўппи тикиш билан кун кечирарди. Бироқ қалбидаги улуғвор истеъдод учқуни барибир ташқарига йўл изларди. Маҳалладош қизлар даврасидаги суҳбатларда турли хил кишиларга моҳирона тақлид қилиб, ўзига хос “кичик томошалар” уюштириши унинг туғма актёрлик қобилиятидан дарак эди.
Унинг қўнғироқдек жарангдор овози ва саҳнага бўлган иштиёқи 1924 йили Қўқон хотин-қизлар ҳаваскорлик тўгарагида янги ўзбек театри асосчиларидан бири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг эътиборини тортади. Ҳамза унга театрдан жой таклиф қилганида, қизнинг қалбида иккиланиш пайдо бўлди: бир томонда санъатга ташналик, иккинчи томонда “гап-сўзга қолиш”дан, эскича қарашлардан чўчиш... Аммо Ҳамзанинг санъатнинг юксак мақсадлари ҳақидаги сўзлари унинг тақдирини саҳна билан боғлашга ундади. Унинг Қўқон, Андижон ва Марғилон театрларида бошланган изланишлари кейинчалик Ўзбек давлат мусиқали театри ва ниҳоят ўзининг иккинчи уйига айланган Муқимий театрида юксак чўққига кўтарилди.
Актриса ҳаётидаги биргина воқеа унинг шахсияти ва касбига садоқатининг нақадар буюклигини намоён этади. Спектакль авжида. Лутфихоним Саримсоқова бутун борлиғи билан қаҳрамонининг дардини яшаб, зални ларзага келтирмоқда. Шу пайт саҳна ортидан совуқ, машъум хабар келади: унинг тўнғич ўғли бевақт вафот этган эди. Ҳамкасблари бу даҳшатли хабарни айтишга журъат этолмай, довдираб қолишади. Аммо она қалби билан вазиятни сезган актриса, ичидан зилзила ўтаётган бўлса-да, юзида ҳеч бир ўзгариш акс эттирмай, спектаклни давом эттиради. У парда ёпилгунига қадар саҳнани тарк этмайди, томошабин олдидаги муқаддас бурчини шахсий фожиасидан устун қўя олади! Айнан мана шу мислсиз иродаси, бардоши сабаб бутун театр жамоаси ва кейинчалик халқ уни чуқур ҳурмат билан “Ая” дея эъзозлай бошлайди.
Лутфихоним Саримсоқова халқ санъатига хос бўлган соддалик ва мукаммаллик, ўткир ҳажв ва заковат, самимият ва қудратни ўзида мужассам этган камёб феномен эди. Унинг ижоди ҳайратланарли даражада кенг қамровли бўлиб, ижроларида асосан икки йўналиш яққол кўзга ташланарди: Биринчиси – лироэпик тарздаги муштипар, жафокаш оналар образи. Унинг “Нурхон” спектаклидаги Кимё образи ўз жигарбандининг эркин нафас олиши учун ҳар қандай қийинчиликка бардош берувчи оқкўнгил оналарнинг мумтоз намунасидир. Шунингдек, Ойсара (“Гулсара”), Она (“Ҳалима”), Халча хола (“Қурбон Умаров”), Хайри хола (“Офтобхон”), Жамол опа (“Олтин кўл”), Рисолат чевар (“Муқимий”), Хадича хола (“Фарғона тонг отгунча”) каби ўнлаб образлар шулар жумласидандир.
Иккинчи йўналиш – салбий ва сатирик роллар. У “Фарҳод ва Ширин”даги маккора Ёсуман кампир образи орқали ёвузлик, разиллик ва ҳийлани юксак бадиий умумлашма даражасига олиб чиқди. Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” асаридаги Майсара образида аёл эркини ҳимоя қилган бўлса, “Паранжи сирлари”даги Мастура сатанг образида, аксинча, бутун кучини аёллар ҳуқуқини поймол қилишга сарфловчи худбин аёлни моҳирона гавдалантирди. Унинг истеъдоди шу даражада эдики, у эркаклар ролини ҳам мисли кўрилмаган даражада қойилмақом ўйнарди. “Аршин мол-олон” спектаклида Асқар ролини ижро этувчи актёр бетоб бўлиб қолганда, Лутфихоним унинг ўрнига саҳнага чиқади. Эркакча виқор ва ҳаракатларни шу қадар табиий талқин қиладики, биринчи парда давомида томошабинлар у ёқда турсин, ҳатто театр ходимларининг ўзлари ҳам уни танимайдилар. Шу билан бирга у Карло Гоццининг “Маликаи Турандот”ида Адельма, Гольдонининг “Икки бойга бир малай” асарида Смеральдина, “Ҳужум”да Турсун каби мураккаб характерларни ҳам ўзбек саҳнасида яратди.
1937 йили Москвада ўтказилган ўзбек санъати декадаси “Ая” ижодида янги саҳифа очди. Москва саҳналаридаги “Гулсара” ва “Фарҳод ва Ширин” спектаклларидаги ижроларини машҳур рус опера хонандаси А.В.Нежданова юқори баҳолади. “Правда” газетаси эса уни “катта драматик талант эгаси” дея эътироф этди. Айнан шу йили унга Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди. У фақат актёрлик билан чекланмади. Моҳир раққоса, ҳозиржавоб аскиячи бўлиш билан бирга, 1939 – 1940 йилларда Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги дуторчи хотин-қизлар ансамблига ташкилотчилик ва бадиий раҳбарлик қилди. Унинг жарангдор овозида куйланган “Кулинг”, “Ўзганча”, “Ёр-ёр”, “Ҳаккалакам ўйнасам ман”, “Омон бўлайлик”, “Қилпиллама” каби халқ ашула ва лапарлари миллий мусиқа санъатимизнинг олтин хазинасидан мустаҳкам жой олди.
Актрисанинг кино санъатидаги йўли саҳнадаги фаолиятининг узвий давомига айланди. У “Қасам” (Она), “Опа-сингил Раҳмоновалар” (Шарофат) каби фильмларида ўзига хос қиёфа касб этди. “Фарзандлар” фильмидаги телба аёл роли орқали эса энг кичик ва эпизодик ролда ҳам улкан ҳаётий ҳақиқатни мужассамлаштириш мумкинлигини исботлади.
Актриса кинодаги энг буюк шон-шуҳратини “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Меҳринисо ҳамда “Сен етим эмассан” фильмидаги Фотима опа образлари билан қозонди. Меҳринисо орқали у оддий, куюнчак ўзбек онасининг руҳиятини табиий бўёқларда чизиб берган бўлса, Фотима опа образида Иккинчи жаҳон уруши даврида 14 нафар турли миллатга мансуб етим болани бағрига олган ўзбек аёлининг оқкўнгиллиги, саховати ва дунёга сиғмас меҳрини юксак маҳорат билан тараннум этди. Қизиғи шундаки, бунча меҳр ундаги қуруқ актёрлик эмас, ҳаётий тажриба эди: уруш йилларида “Ая”нинг ўзи ҳам икки нафар рус боласини асраб олиб, уларга оналик меҳрини берган эди.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, Лутфихоним Саримсоқованинг ҳаёти ва ижоди ўз Ватанига, касбига ва халқига фидокорона хизмат қилишнинг энг ёрқин тимсолидир. Унинг барҳаёт хотирасига бағишлаб суратга олинган “Ая” ва “Лутфихон ая” ҳужжатли фильмлари ҳанузгача авлодларга буюк ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбек театри ва киноси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси учун марҳума санъаткор 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Лутфихоним Саримсоқованинг энг катта мероси – бу миллат хотирасидаги ўчмас номи ва ўзининг буюк инсоний фазилатлари билан тоабад “Ая” бўлиб яшаб қолишидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА