“Бухоро тажрибаси”: самарадорлик ва ижобий натижа
Бухоро вилоятида яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолида қонуний харид маданиятини шакллантиришга қаратилган “Бухоро тажрибаси” асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар нафақат тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, балки давлат бюджети тушумларини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, “Солиқ” мобил иловасидан самарали фойдаланиш, харид чекларини рўйхатдан ўтказиш ва кешбек тизими орқали аҳолининг фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда вилоят солиқ бошқармасида турли идора ва ташкилотлар ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг апрель ойида Бухоро вилоятида қарийб 130 минг нафар фуқаро 560 миллиард сўмлик харид чекларини “Солиқ” иловасида рўйхатдан ўтказган. Натижада уларга 5,2 миллиард сўм миқдорида кешбек қайтарилган. Бироқ ушбу кўрсаткич ҳозирча фаол аҳолининг атиги 10 фоизини қамраб олгани, бу йўналишда ҳали катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Семинар давомида иштирокчиларга “Солиқ” иловасининг яширин иқтисодиётни олдини олиш, солиқ тўловларини шаффофлаштириш ва қонуний фаолиятни рағбатлантиришга хизмат қилувчи бошқа имкониятлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, “Бухоро тажрибаси” доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида назорат тадбирлари ҳам кучайтирилди. Солиқ органлари, ЙПХ ҳамда транспорт инспекцияси масъулларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан юк ташиш соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши ўрганилмоқда. Хусусан, товар-транспорт юк хатларининг мавжудлиги ва уларни электрон шаклда расмийлаштириш ҳолати назоратга олинган.
Ўтказилаётган тадбирлар жараёнида норасмий фаолият юритаётган юк ташувчиларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Жондор, Когон ва Қоровулбозор туманларида ўтказилган рейдларда 10 дан ортиқ ҳужжатсиз юк ташиш ҳолати ҳамда 20 га яқин товар-транспорт юк хатисиз хизмат кўрсатиш ҳолати аниқланди. Қонунбузилишлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Мутахассисларнинг фикрича, харид чекларини талаб қилиш маданиятини кенг оммалаштириш, рақамли назорат механизмларини жорий этиш ва норасмий фаолиятга қарши тизимли чоралар кўриш орқали яширин иқтисодиёт улушини сезиларли даражада камайтириш мумкин. “Бухоро тажрибаси” эса бу борада амалий самара бераётган муҳим механизм сифатида эътироф этилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.