Лойиҳалар тақдим этилди
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, экспорт ҳажмини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган лойиҳалар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов иштирокидаги тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар қатнашишди. Мулоқот давомида ҳудуд иқтисодиётининг бугунги ҳолати, инвестиция дастурлари ижроси, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Боёвут туманида иқтисодиётнинг турли тармоқларини бирдек ривожлантириш, мавжуд ресурс ва имкониятларни ишга солиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги даромад манбаларини шакллантиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Саноат ва қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва ташқи савдо соҳаларидаги фаолликни ошириш орқали ҳудуднинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Ҳисобот даврида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион 336,8 миллиард сўмни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1 триллион 887,6 миллиард сўмни ташкил этди. Хизматлар кўрсатиш ҳажми 844,1 миллиард сўмга, қурилиш ишлари эса 77,8 миллиард сўмга етди.
Ушбу кўрсаткичлар ҳудуд иқтисодиётида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Айни пайтда иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этиш ва маҳсулотларни қайта ишлаш даражасини оширишга эътибор қаратилмоқда. Зеро, хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириш, унинг қўшимча қийматини ошириш ва ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш ҳудуд иқтисодиётининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-31930]
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, туманда иқтисодий фаолликни ошириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда хорижий инвестициялар муҳим омил бўлмоқда. 2026 йилда жами 161,1 миллион долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш режалаштирилган. Таққослаш учун, 2025 йилда бу кўрсаткич 46,3 миллион долларни ташкил этган.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш прогнози 70,1 миллион доллар этиб белгиланган бўлса, амалда 129 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Натижада белгиланган прогноз 184 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткич туманда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш йўналишларини ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган ишлар билан боғлиқ. Хусусан, «Sirdaryo neftni qayta ishlash zavodi» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан нефтни қайта ишлаш заводини барпо этиш лойиҳаси доирасида 42,1 миллион доллар, «Boyovut Green Farm» МЧЖ қўшма корхонасининг Хитой тажрибаси асосида уруғлик пахта етиштириш лойиҳасига 25,1 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди. Шунингдек, «Boyovut Pure Milk» МЧЖнинг сутчилик чорвачилик комплекси лойиҳасига 30,6 миллион доллар, «Sirdaryo Jingu» МЧЖ қўшма корхонасининг пахта етиштириш лойиҳасига эса 15 миллион доллар йўналтирилди.
Мазкур лойиҳаларнинг аҳамияти инвестиция маблағларининг ўзлаштирилиши билан чекланмайди. Улар янги ишлаб чиқариш қувватларини шакллантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш учун имконият яратади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан бир қаторда, уларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқаришга йўналтирилган ташаббуслар ҳудудда қўшимча иқтисодий қиймат яратишга хизмат қилади.
Туманда экспорт салоҳиятини ошириш ҳам иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. 2026 йил учун экспорт режаси 62,9 миллион доллар этиб белгиланган бўлиб, унинг асосий қисмини саноат маҳсулотлари ташкил этади. Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида 37,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган эди. Амалда 33,9 миллион долларлик маҳсулот ташқи бозорларга етказиб берилди. Бу белгиланган прогнознинг 91 фоизига тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 103 фоизни ташкил этди.
Экспорт жараёнларида маҳаллий корхоналарнинг иштироки алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, «New golden city 786» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Афғонистонга 24,6 миллион долларлик ун маҳсулотлари етказиб берилди. «BOYOVUT COTTON TEXTILE» МЧЖ Хитой ва Эронга 2,3 миллион долларлик ип-калава, «STELLA MODA» МЧЖ эса Россияга 2,6 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилди. Шунингдек, «MLJ-Textile» МЧЖнинг Россия бозорига тўқимачилик маҳсулотлари, «MUHAMMAD IBROHIM EXPORT» МЧЖнинг мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериши ташқи савдо географиясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Экспорт ҳажмини янада ошириш учун ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, мавжуд бозорлардаги ўринни мустаҳкамлаш муҳимдир. Бу эса корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга замин яратади.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилда умумий қиймати 678,3 миллиард сўмлик 39 та лойиҳани амалга ошириш ва 2 минг 233 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Уларнинг 7 таси саноат, 22 таси хизмат кўрсатиш, 10 таси эса қишлоқ хўжалиги соҳаларига тегишли.
Лойиҳалар таркибининг турли йўналишларни қамраб олгани туман иқтисодиётини диверсификация қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун янги имкониятлар яратиш ва аҳоли бандлигини кенгайтиришга қаратилган. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш аҳолига яшаш жойига яқин ҳудудларда ишлаш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва барқарор даромад топиш имкониятларини кенгайтиради.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида умумий қиймати 35,5 миллиард сўмлик 28 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 141 та янги иш ўрни яратилди. Ушбу лойиҳаларга тадбиркорларнинг 29,4 миллиард сўмлик ўз маблағлари ва 6,1 миллиард сўм банк кредитлари йўналтирилди. Бу жараёнда хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик маблағларини ишлаб чиқаришга жалб этиш муҳим ўрин тутмоқда.
Шунингдек, «OLTIN TEGIRMON» МЧЖ томонидан қиймати 120,1 миллиард сўмлик ун ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳамда «BOYOVUT OLTIN DON EKSPORT» МЧЖ томонидан 5,8 миллиард сўмлик дуккакли экин маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилган. Бундай ташаббуслар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Иқтисодий ривожланишнинг муҳим шартларидан бири аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтиришдир. Шу боис матбуот анжуманида камбағалликни қисқартириш, ишсиз фуқароларни иқтисодий фаолиятга жалб этиш ва хонадонларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат раҳбарининг 2024 йил 14 март куни Сирдарё вилоятига, жумладан, Сайхунобод туманига ташрифи чоғида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш юзасидан берилган топшириқлар ижроси ҳақида маълумот берилди.
Ҳозирда Боёвут туманида 2 минг 890 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Туманнинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашгани ер ва томорқа майдонларидан оқилона фойдаланишни, аҳолини талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштиришга йўналтиришни тақозо этади.
Шу мақсадда эҳтиёжманд оилалар ва хонадон эгаларига 3 минг 500 та лот орқали ўртача 50 сотихдан ер майдонлари ажратилган. Ушбу ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, айниқса, бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар турини кўпайтириш учун шароит яратилган. Ердан унумли фойдаланиш орқали хонадонлар нафақат ўз эҳтиёжини қондириши, балки ортиқча маҳсулотни сотиш ҳисобига қўшимча даромад олиши мумкин. Бир мавсумда икки-уч марта экин экиш имкониятидан фойдаланиш эса мавжуд майдонлардан самарали фойдаланиш ва оилавий даромадларни оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Сайхунобод тажрибаси асосида тумандаги 21 минг 800 та хонадоннинг томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати ҳам ўрганилган. Томорқаларнинг ўртача майдони 15 сотихни ташкил этиши инобатга олиниб, улардан қай даражада самарали фойдаланилаётгани таҳлил қилинган. Ўрганишлар асосида фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлатилаётган ерларни иқтисодий айланмага киритиш, бозор талабига мос экинларни жойлаштириш, маҳсулот етиштириш ва уни сотиш орқали даромадни кўпайтириш чоралари белгиланган.
Бундай ёндашувнинг асосий мақсади аҳолини фақат бандлик билан таъминлаш эмас, балки унинг ўз имкониятлари ва меҳнати орқали мустақил даромад топишига кўмаклашишдан иборат. Томорқадан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотиш жараёнларини тўғри ташкил этиш оилаларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳоли фаровонлигини таъминлашда ижтимоий инфратузилманинг ҳолати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис туманда таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, ички йўлларни яхшилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва спорт иншоотларини барпо этишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларига барча манбалар ҳисобидан қарийб 370 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. 2026 йилги инвестиция дастури доирасида 11 та ижтимоий соҳа объектида тўлиқ таъмирлаш ва реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланган. Бу орқали таълим муассасаларида ўқувчилар учун муносиб шароит яратиш, мактабгача таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини яхшилаш кўзда тутилган.
Йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам муайян натижаларга эришилган. «Очиқ бюджет» портали орқали 2025 йилнинг биринчи мавсумида 6 та, иккинчи мавсумида 4 та маҳаллада, 2026 йилнинг иккинчи мавсумида эса 7 та маҳаллада ички йўлларни таъмирлаш ишлари бажарилган. Умуман, тумандаги 31 та маҳалланинг 20 таси мазкур портал орқали ғолиб бўлган. Ушбу маҳаллалардаги кўчаларни асфалтлаш учун 32 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Йўлларнинг обод ва равон бўлиши аҳолининг кундалик ҳаракатланишини енгиллаштириш, транспорт қатновини яхшилаш ва маҳаллаларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларга ўз вақтида етказиб бериш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун муҳимдир. Шунингдек, аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун шароитларни кенгайтириш мақсадида сунъий қопламали иккита стадион барпо этиш режалаштирилган. Бундай иншоотлар ёшларни оммавий спортга жалб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 85 фоизни ташкил этади. Қолган хонадонларни ҳам ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида тегишли лойиҳалар 2027 йил дастурига киритилган. Айни пайтда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Белгиланган режага мувофиқ, лойиҳаларни 2027 йилнинг тўртинчи чорагига қадар амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун халқаро молия ташкилотлари маблағларини жалб этиш режалаштирилган.
Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш билан бир қаторда, электр энергияси таъминотини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишларини давом эттириш ҳам долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу чора-тадбирлар аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантириш ва ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган.
Боёвут туманида истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳалар ҳам иқтисодий салоҳиятни янада юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Жумладан, нефтьни қайта ишлаш заводини барпо этиш, 3 минг 500 гектар бўш ва фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш, ун ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда 10 минг бош чорва молини парваришлашга мўлжалланган чорвачилик лойиҳалари шулар жумласидан. Ушбу ташаббусларнинг умумий қиймати 764 миллион долларга баҳоланган.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, саноат тармоқларини кенгайтириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Шу билан бирга, лойиҳаларнинг самарадорлиги уларнинг ўз вақтида ишга туширилиши, яратилган иш ўринларининг барқарорлиги ва жалб этилган маблағларнинг иқтисодий натижаларда намоён бўлиши билан белгиланади.
Матбуот анжумани якунида туман ҳокими ва масъуллар журналист ҳамда блогерларнинг саволларига жавоб берди. Мулоқот давомида инвестиция лойиҳаларининг ижроси, ишсиз ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқалардан самарали фойдаланиш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА