Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси — департамент бошлиғи П.Дабилов бошқариб борди.
Ўқув-семинар давомида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Ф.Бобажанов томонидан мазкур Қонуннинг ҳуқуқий асослари, илмий тамойиллари ва амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Қонун талабларини амалиётга татбиқ этиш, ташкилот ва муассасаларда давлат тилида иш юритиш жараёнларини такомиллаштириш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан самарали фойдаланиш ҳамда мазкур йўналишда мавжуд масалаларни тўғри ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32493]
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, тегишли тушунтириш ва тавсиялар олдилар.
Мазкур ўқув-семинар давлат тилининг нуфузини янада ошириш, қонунчилик талабларини кенг жамоатчиликка етказиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳамда ташкилот ва муассасаларда давлат тилида иш юритиш самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА