Кўчатчилик маркази ташкил этилади
Гулистон туманида замонавий кўчатчилик марказини ташкил этиш бўйича 5 миллион АҚШ долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда йўлга қўйиладиган ушбу ташаббус ҳудудда аграр соҳани ривожлантириш, сифатли кўчатлар етиштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш имконини беради.
Лойиҳа истиқболлари туман ҳокими Олимжон Жўраевнинг Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган тадбиркорлар билан учрашувида муҳокама қилинди. Мулоқот давомида замонавий технологиялар асосида ўсимликлар питомнигини ташкил этиш, мевали ва манзарали дарахтлар, турли буталар, голубика, малина ҳамда бошқа турдаги кўчатларни етиштириш ва сотишни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани 200 гектар ер майдонида амалга ошириш режалаштирилган. Бу ерда етиштириладиган кўчатлар турларини кенгайтириш, уларнинг сифати ва бозорбоплигини ошириш орқали кўчатчилик соҳасида янги имкониятлар яратилади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — янги иш ўринлари. У тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 300 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Бу эса туман иқтисодиётига инвестиция кириб келиши билан бирга, маҳаллий аҳоли учун ҳам даромад манбаларини кенгайтиради.
Учрашув якунида лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири