Лоқайд бўлмайлик, азиз биродарлар!
Маҳалламиздаги Умринисонинг эри Азмиддин коронавирус инфекциясидан вафот этди.
Синглимдан эшитган бу машъум хабар мени эсанкиратиб қўйди.Азмиддин ва Умриниса турмуш қурганига эндигина уч йил бўлди.Азмиддин 25 ёшда.Айни навқирон, ёшликнинг гуллаган тароватли дамларини яшаётган забардаст йигит эди. Битта маҳаллада катта бўлганмиз.Бирор марта оғриб, бемор бўлганини эшитмаганман.Аммо...
–Азмиддин ва Умриниса катта озиқ-овқат дўконини очишган эди, –дейди синглим.– Энг ачинарлиси, озиқ-овқат савдоси билан шуғулланаётган сотувчиларнинг карантин тартибига амал қилганини кўрмадим.
Кунимиз ёмон хабарларсиз ўтмайдиган бўлиб қолди.Тўйлар азалар билан қоришиб кетди.Амакимнинг ўғлини тўй куни белгиланган, тўйга таклифномалар тарқатилган.Аммо тўйга бир кун қолганида тарқалган машъум хабар барча қариндошларни тушкунликка туширди.Куёв бўлмишнинг эндигина 50 ёшни қоралаган тоғаси коронавирус инфекцияси билан касалланиб, бу ёруғ оламни тарк этди. Афсус, тўй кунига узоқ-яқиндан барча меҳмонлар таклиф қилинган.Катталарнинг маслаҳати билан тўй қолдирилмади.Аммо икки ёшнинг бахт куни юракларда алам, қайғу билан ихчамроқ тарзда ўтказиб юборилди.
Маҳалламизда Муҳиддин ака ўғлини уйлантирмоқчи бўлиб, яхши ниятлар билан тўй бошлади.Орзиқиб кутилган тўй куни етиб келди.Аммо шодиёна билан бошланган кунда тарқалган хабар тўй эгаларини қаттиқ саросимага солди, қаддини букиб қўйди.Муҳиддин аканинг 35 ёшли жияни Нуриддин бедаво инфекцияни юқтириб олиб,шифохонада даволанаётган эди.Нуриддин ёш бўлишига қарамасдан касалликнинг 15-кунида омонатини топширди.Тўй азага айланди.
Биз бемалол кўча-куйда ниқобсиз, белгиланган карантин талабларига риоя этмасдан ҳаракатланаётганимизда шифохоналар тўлиб тошган, касаллик авжига чиқмоқда.
Биз ҳамон бедаво касаллик билан ҳазиллашаётганга ўхшаймиз.Афсуски, худди бутун дунёдаги каби касаллик ҳеч қаерга кетгани йўқ.У биз билан! Бу оғир касаллик бизга, яқинларимизга, оиламизга чанг солишда давом этяпти.
Статистик маълумотларга кўра, коронавирус инфекцияси билан жаҳондаги 220 дан ортиқ давлатда жами 204 миллион 150 мингдан ортиқ шахс касалланган. 4 миллион 316 мингдан ортиқ шахс вафот этган. Мазкур касалликдан бир кунда қанчалаб шахс вафот этмоқда.
Инсоният дуч келган пандемия режаларимизни бузиб юборди, иқтисодиётга қақшатқич зарба берди, халқаро алоқаларни музлатиб, халқларни уйларига қамаб қўйди.Яқин ойларда пандемия тугашини кутишга ҳатто умид ҳам йўқ.
Албатта, ҳар бир мамлакат ўз кучи ва имкониятларидан келиб чиқиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш сиёсатини олиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекцияси тарқалиши асоратларини камайтириш, беморларга самарали тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида давлат тиббиёт муассасаларида 5 мингдан ортиқ ўрин-жой захираси яратилди.
Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомлар ишлаб чиқилган бўлсада, орамизда кўпчилик мазкур талабларга бўйсунаётгани йўқ.
Махсус комиссия тўйларда одам сонини 50 кишидан оширишни тақиқлаб қўйган бўлишига қарамасдан, 300, ҳатто ундан ортиқ одамлар қатнашаётган тўйлар давом этмоқда.
Жорий йил 5- август куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги тўйлардан бирида қатнашдим.Тўйхонада 400 кишига яқин меҳмон йиғилди. Тўй бошланишидан олдин чиқиб яқин атрофдаги тўйхоналарга разм солдим.Бошқа тўйхоналарда ҳам юзлаб одамлар тўй бошланишини кутиб турибди.Деярли ҳеч бирида ниқоб йўқ, белгиланган масофа сақланмаган.Туман марказида жойлашган тўйхоналар туман ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ каби ҳуқуқ идораларига яқин жойда жойлашган. Бу тўйхоналар атрофидан “катталар” кўзларини юмиб ўтсалар ҳам тўпланган одамларни кўрмасликнинг иложи йўқ.Тўйхона атрофида гавжумлашиб турган одамлардан эса шу тўйхонада тўй бўлаётганини, одамлар сони ҳам 50 нафардан кўплигини англаб етиш у қадар қийин эмас!
–Афсуски, айрим замондошларимизнинг бепарволиги, лоқайдлиги оқибатида баъзан мавжуд вазият ва у билан боғлиқ хавф-хатарга нисбатан жиддий муносабатда бўлмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди, –дейди Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Фидокор” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Раъно Омонова.– Бу эса пандемияга қарши доимий кураш олиб борилаётган бугунги синовли кунларда кечириб бўлмас ҳолатдир.Ачинарлиси, бефарқлик иллати биз катталарда шаклланиб қолган.Айнан ўзим истиқомат қилаётган маҳаллада ҳам мана шу вирус сабабли ҳар куни кимдир онасидан,отасидан, дўстидан, яқинидан айрилиш ҳолатлари учраб турибди.Аммо кўчаларда гавжум бўлиб ярим тунгача чақчақлашиб ўтирадиган хотинлар, бир-бири билан гигиена талабларига риоя этмасдан ўйнайдиган гўдаклар, орзу-ҳавас исканжасида ташкил этилаётган тадбирлар ҳали-ҳамон вирус биздан узоқлашмаслигига сабаб бўлаверади.
Лоқайдлик, бурч ва масъулиятни ҳис қилмаслик, атрофдагиларнинг, ўзининг тақдири ва келажагига дахлдор воқеликларга эътиборсизликдир. Барча даврларда зиёлилар бундай иллатга қарши курашган, халқни огоҳлантириб келган.
Шуни унутмаслигимиз лозимки, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, бугунги эпидемиологик жиҳатдан мураккаб бир шароитда давлатимиз томонидан жорий этилган тартиб-қоидаларнинг тўлиқ бажарилиши хавф-хатар манбаини сезиларли даражада камайтиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА