Лондонда Самарқанд туризми тақдимоти
Самарқанд туризм соҳаси вакиллари шу кунларда Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтаётган халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқда.
Буюк Британиянинг энг йирик халқаро сайёҳлик кўргазмаси ҳар йили Бирмингемдаги энг йирик кўргазма марказларидан бири “National Exhibition Centre”да ўтказилади. Мазкур тадбир Европа ва дунёнинг йирик транспорт компаниялари, меҳмонхоналар, курортлар, кўнгилочар боғлар ва бошқа туристик ташкилотлар вакилларини бирлаштиради.

Туризм қўмитаси ташаббуси билан мамлакатимиз вакиллари ҳам бу йилги кўргазмада қатнашиб, юртимизда, хусусан, Самарқандда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, виза тартибларининг соддалаштирилгани ҳақида батафсил маълумот беришди.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Буюк Британия ва Ирландиядан сайёҳларни мамлакатимизга жалб этиш мақсадида “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” мавзуида тақдимот бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқулов туризм соҳаси вакилларини Самарқанднинг бой маданияти, диққатга сазовор жойлари ва туризм хизматлари сифати билан таништирди.

Шунингдек, юртимизнинг гастрономик жозибадорлигини намойиш этиш мақсадида миллий таомимиз –паловни тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири