Лондонда Ўзбeкистон Олий судининг SIFoCCга аъзолиги эълон қилинди
Олий суд раиси Робахон Маҳмудова ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова бошчилигидаги делегация Буюк Британияга амалий ташриф билан борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Тижорат судларининг доимий халқаро форуми (SIFoCC)га аъзолиги эълон қилинишига бағишланган маросим ташрифнинг марказий тадбири бўлди.
Ташриф давомида Буюк Британия суд-ҳуқуқ тизимининг нуфузли вакиллари ҳамда халқаро профессионал тузилмалар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Жумладан, SIFoCC Бошқарув гуруҳи раиси Ж.Вос ва ташкилотнинг кундалик фаолияти учун масъул судья Р.Ноулз, Англия ва Уэлс судлари раҳбари С.Карр, Одил судлов мактаби раиси Н.Грин ҳамда Халқаро низоларни ҳал этиш маркази ижрочи директори Д.Хикман билан мулоқотлар бўлиб ўтди.

Учрашувларда кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини ошириш ва судьялар ҳамжамиятининг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон делегацияси ва бир қатор нуфузли халқаро ҳамда Буюк Британиянинг касбий-ҳуқуқий тузилмалари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Халқаро маслаҳат ва низоларни ҳал этиш бўлими, Халқаро адвокатлар ассоциацияси, Тижорат низолари бўйича юристлар форуми ҳамда Англия ва Уэлс адвокатлар кенгаши вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида низоларни муқобил ҳал этиш механизмларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, халқаро тижорат низоларини самарали ҳал этиш, адвокатуранинг ролини кучайтириш, шунингдек, суд фаолиятига илғор ахборот технологияларини жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар томонидан ўз ташкилотларининг фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, тўпланган амалий тажриба ҳамда келгусидаги ташаббусларга бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Ташриф дастуридан, шунингдек, суд жараёнларини ташкил этиш ва суд ишларини бошқариш, арбитраж ва медиация, шунингдек, суд ишларини юритишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган семинарлар ҳам ўрин олди.
Лондон учрашувлари Ўзбекистон суд тизимининг халқаро профессионал мулоқотдаги иштирокини кенгайтириш, хорижий суд-ҳуқуқ институтлари билан ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Бундай мулоқотлар илғор халқаро тажрибани ўрганиш, унинг энг самарали жиҳатларини миллий суд амалиётига жорий этиш ҳамда одил судлов сифатини янада ошириш учун янги имкониятлар яратади.
Н.Абдураимова,
ЎзА