“Лочин”да камалакчилар жам бўлди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги сўлим табиат бағрида жойлашган эртакнома “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган “Камалак” болалар ташкилотининг “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!” шиори остида ўтказилаётган XXII анъанавий анжумани иштирокчиларини бир жойга жамлади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган “Камалак” болалар ташкилоти 2001 йил 23 май куни ташкил топган. Ташкилот ўн ёшдан ўн тўрт ёшгача бўлган болаларни ихтиёрийлик, ошкоралик, ҳуқуқ ва мажбуриятлар тенглиги тамойили асосида бирлаштирадиган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги ташкилотдир. Фаолиятининг асосий мақсади – болаларни миллий ғоя асосида Ватаннинг содиқ фарзандлари ва комил инсон этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятларини намоён қилишлари ҳамда ривожлантиришлари учун шароит яратиб беришдан иборат. Шу боис ҳар йили ушбу сана муносабати билан анжуман ташкил этилади ва бутун респубика бўйлаб, ташкилот сардорлари бир жойга жам бўлади.
Анжуман иштирокчилари Қашқадарёда ҳам ўзгача руҳда қарши олинди. Республиканинг барча ҳудудларидан келган 300 нафар сардорлар Қарши вокзалида тантанали кутиб олинди. Анжуман иштирокчилари Қарши шаҳридаги Ёшлар марказидан Шаҳрисабз туманидаги “Оқсарой” мажмуасига йўл олди.
Дастлаб “Болалар паради” ташкил этилиб, парад сўнгида “Оқсарой” мажмуасидаги Амир Темур ҳайкали пойига анжуман иштирокчилари билан биргаликда ҳокимлик вакиллари, сектор раҳбарлари ҳамда вилоят ёшлар ташкилотлари раҳбарлари гулчамбар қўйди. Сардорлар фаолиятида ўзига хос тарихга эга “Лочин” оромгоҳи беш йиллик танаффусдан сўнг сардорлар учун яна қайта ўз эшикларини очди. “Лочин” болалар оромгоҳида Шаҳрисабз ёшлари, ҳарбий оркестр ва анжуман ташкилотчилари ҳудудлардан ташриф буюрган иштирокчиларни тантанали кутиб олди. Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг расман “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун” шиори остидаги анъанавий XXII анжуман ўз ишини бошлади.
Анжуманнинг анъаналарига содиқ қолган ҳолда тадбир аввалида йил давомида фаолият олиб борган ҳудудий ва республика сардорларининг фаолиятлари юзасидан ахбороти тингланди ва қабул қилинди. Тадбирнинг очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, “Камалак” болалар ташкилоти ва “Ёшлар парламенти” раислари сўзга чиқиб анжуман ишига омад тилашди. Ёшлар ва болалар ўртасида янада самарали лойиҳаларни ўтказишда Сардорларнинг ўрни юқорилигига яна бир бор ишонч билдирилди. Шунингдек, тадбирда эстрада юлдузлари, ижодий жамоалар ва бир гуруҳ истеъдодли ёшлар ўзларининг мусиқий чиқишларини намойиш қилди.
Анжуман доирасида ўқув семинарлар, “Энг намунали ҳудудий Сардорлар Кенгаши”, “Қувноқлар ва зукколар” танлови, “Мунозара” ва “Заковат” интеллектуал ўйини, “Қадрият, урф-одат, анъана ва болалар!”, “Халқлар дўстлиги” фестиваллари ҳамда “Олимпия куни”, “Сўнги қўнғироқ”, “Дўстимга совға” лойиҳалари, “Плоггинг” экологик акцияси каби 15 дан ортиқ лойиҳалар ўтказилмоқда.
– Анжумандан жуда катта таассуротлар олдик, – дейди самарқандлик Машҳура Нурмуҳаммедова. – Бунақа бўлишини кутмаган эдик. Тўғрисини айтсам, анжуманда биринчи бор иштирок этишим. Оромгоҳ жуда ажойиб экан. Баҳаво. Анжуман доирасида турли хил интеллектуал ўйинлар бўлиб ўтмоқда. “Мунозара” ва “Заковат” интеллектуал ўйини каби. Яқинда “Энг намунали ҳудудий Сардорлар Кенгаши” танлови бўлиб ўтади. Бу танловда юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз.
– Анжуман кўтаринки руҳда давом этмоқда, – дейди қорақалпоғистонлик Азизбек Алписбаев. – Бу ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Ҳар хил танлов ва беллашувлар бўлмоқда. “Қувноқллар ва зукколар” танловида иштирок этдим. Ўзим қўшиқчиликка қизиқаман. Ўз ижодимдан дўстларимга куйлаб бердим. Улар яхши қабул қилишди. Бундан жуда хурсандман.
– Анжуманга кириб келишимиздан ҳаммаси зўр бўлди, – дейди Тошкент вилоятидан келган Лазизбек Ўлмасов. – Қашқадарё вилояти сардорлари чиройли тарзда кутиб олишди. Тошкент вилояти сардорлар кенгаши билан биргаликда анжуманда фаол иштирок этяпмиз. Тажрибали мутахассислардан кўплаб билимларни оляпмиз ва олганларимизни келгуси фаолиятимизда қўллаймиз. Насиб этса яхши натижалар билан қайтамиз.
[gallery-11997]
Айтиш жоизки, иштирокчиларнинг вақтини мазмунли ва самарали ўтказиш мақсадида анжуман доирасида “Энг намунали ҳудудий Сардорлар Кенгаши” танловининг Республика босқичи, гуруҳлар кесимида соҳа мутахассислари билан “Маҳорат дарслари”, “Меҳрли мактуб” лойиҳаси, Қувноқ бадан тарбия машғулотлари, “Мунозара” интеллектуал турнири, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Қадрият, урф-одат, анъана ва болалар!” ва “Халқлар дўстлиги” фестиваллари, “Қувноқлар ва зукколар” танлови, “Олимпия куни” гимнастрада танлови, “Қувноқ эстафета” спорт мусобақаси, “Орзуимдаги спорт қаҳрамони” учрашуви, “Сўнги қўнғироқ” битирув маросими, “Дўстимга совға” лойиҳаси, “Плоггинг” экологик акцияси, “Намунали хона” танлови, “Қушлар бизнинг дўстимиз” қуш уялари қуриш акцияси ва “Бўйинбоғсиз кун” лойиҳалари ўтказилиши кўзда тутилган.
Анжуман давом этмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА