Литвалик рассом ижодига бағишланган кўргазма
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида литвалик композитор ва рассом Микалоюс Константинас Чиурлиониснинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, Микаложус Константинас Чиурлионис 1875 йил 22 сентябрда Литванинг Варена шаҳри яқинидаги Сеножи Варена қишлоғида туғилган. У кўп фарзандли мусиқачи оилада вояга етган. Отаси Константинас черков ходими бўлганлиги сабабли Чиурлионис ёшлигидан мусиқа муҳитида тарбияланган. Унинг мусиқага бўлган истеъдоди жуда эрта намоён бўлган. Чиурлионис 1900 йилларнинг бошларидан тасвирий санъатга жиддий қизиқа бошлади. Варшавада рассомлик бўйича таълим олди. Шу тариқа у икки йўналишда, жумладан, мусиқа ва рассомликда ижод қилган ноёб санъаткор сифатида шаклланди.

Чиурлиониснинг рассомликдаги асарлари рамзий ва фалсафий мазмуни билан ажралиб туради. У табиат манзараларини оддий кўринишда эмас, балки инсоннинг руҳий дунёси ва коинот ҳақидаги тасаввурлари билан боғлаб тасвирлаган. Унинг расмларида осмон, юлдузлар, қуёш, денгиз, тоғлар ва афсонавий образлар кўп учрайди.

Рассомнинг «Соната» туркумидаги асарлари айниқса машҳур. «Қуёш сонатаси», «Денгиз сонатаси» ва «Юлдузлар сонатаси» каби асарларда мусиқа тушунчалари тасвирий санъат орқали ифодаланган. Шу сабабли унинг расмларини гўё мусиқани ранглар ва шакллар ёрдамида кўриш мумкин бўлган асарлар сифатида қабул қилишади.

Микаложус Константинас Чиурлионис мусиқа ва тасвирий санъатни уйғунлаштирган, ўзига хос бадиий олам яратган буюк литвалик ижодкор. Унинг мероси Литва маданиятининг муҳим қисми бўлиб, жаҳон санъати тарихида ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.

Кўргазма жорий йилнинг 8 октябригача давом этади.
Гулноза Бобоева,ЎзА