Лимонзорда лимон парвариши ҳақида семинар
Сурхондарё вилояти Бандихон туманидаги Лимонзор маҳалласида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти олимлари жорий йилда мактабни тугатаётган ва вақтинча ишсиз ёшлар учун лимонни парваришлашга бағишланган семинар уюштирди.
Маҳалладаги 549 хонадонда 3 минг 290 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Улар 294 гектар томорқа ер майдонида деҳқончилик қилади. Томорқаларнинг қарийб 13 гектарида 300 га яқин иссиқхона барпо этилган. Иссиқхоналарда лимон етиштириш яхши ривожланаётган ҳудудда айни пайтда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари доирасида маҳалла идораси, тиббиёт маскани тубдан таъмирланмоқда. Замонавий мактабгача таълим муассасаси қурилаётир. Ички йўлларга тош ётқизилиб, эскирган электр симёғочлари темир-бетон устунларга алмаштирилмоқда. Ичимлик ва оқова сув масалалари ҳал этилиб, янги электр узатиш тармоқлари тортиляпти. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар уй-жойларини таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Қиёфаси тубдан ўзгараётган ва лимончиликка ихтисослашаётган маҳаллада институт олимлари ташкил этган семинар соҳани янада ривожлантириб, уни ҳудуднинг “ўсиш нуқтаси”га айлантиришга хизмат қилади. Шу мақсадда дастлаб маҳалладаги 37-мактабда семинарнинг назарий қисми ўтказилди. Унда институт катта ўқитувчилари Камол Шайманов, Абдумалик Тошпўлатов ва бошқалар иссиқхона барпо этиш, лимон кўчатларини ўтқазиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиштириб олгунгача бўлган жараёнлар ҳақида атрофлича тушунча берди. Амалий семинарда маҳалладаги лимонзорлар билан танишган ёшлар ниҳолларни тўғри парваришлаш ва мўл ҳосил етиштириш хусусида етарли маълумотларга эга бўлди.

–Семинар нафақат маҳалламиз ёшлари, балки биз учун ҳам фойдали бўлганидан хурсандмиз,– дейди Зиёдулла бобо Жалилов.– Томорқамизнинг бир қисмида иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштиришни йўлга қўйганмиз. Лекин уни парваришлашда хатоларга йўл қўйган эканмиз. Олимлар ана шу камчиликларни кўрсатиб берди. Лимонларимиз ғовлаб кетишининг, айрим мевалар ёрилишининг сабабларини тушунтирди. Янада кўпроқ ҳосил олиш усулларини ўргатди. Эндиликда биз ўсимликни шу асосда парваришлашга ўтсак, ҳосилни хорижга ҳам жўнатиш имкониятига эга бўламиз. Шу мақсадда институт олимлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг маслаҳат ва тавсиялари асосида соҳани янада ривожлантирамиз.
Семинар якунида ёшларга институтнинг махсус сертификатлари топширилди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири