Ўлимга тик боққан бургутлар
...Улардан бири Плис Нурпейсов эди. Урушда ғолиб бўлиш учун душман тарафнинг ожиз томони, махфий режалари, жанговар тайёргарлиги бўйича маълумотларни билиш зарур.
Ғалабанинг 75 йиллигига
...Улардан бири Плис Нурпейсов эди. Урушда ғолиб бўлиш учун душман тарафнинг ожиз томони, махфий режалари, жанговар тайёргарлиги бўйича маълумотларни билиш зарур. Бу салкам ғалаба демак. Буни эса тажрибали ва матонатли разведкачилар таъминлайди.
Бу инсон ҳақида ёзишга кўп ҳаракат қилганман. Чунки у болалигимнинг қаҳрамони... Отамнинг мўъжазгина кутубхонасида муқоваси йўқ, айрим варақлари титилган, “озғингина” эски китоб бор эди. Китобнинг номи ҳам эсимда йўқ (балки муқоваси йиртилгани учундир), аммо ичидаги ҳар бир сатри ёдимда. Китоб қаҳрамонимиз ҳақида эди. Яна отам у ҳақда тўлқинланиб, жасоратини фахрланиб гапирарди. Сингилларим билан моҳир разведкачи ҳақида зўр кино кўргандек бўлардик, аммо бу ҳаётий воқеалар эканини кеч англадим.
Иккинчи жаҳон уруши ғалабасига катта ҳисса қўшган, биринчи учувчи-разведкачи, ҳатто немис артиллерия қўшини қўмондони “Қўлимга тушса, уни ўзим ўлдираман!” деган хитоби Плис Нурпейсов маҳоратига берилган юксак баҳо эди, шубҳасиз. Бу қаҳрамон олдида ўзимни руҳан қарздордек ҳис қиламан.
Чкаловга ҳавас
Қорақалпоқ кенгликлари, Тахтакўпир даласида вояга етган Колгелди ота қишлоқнинг ёши улуғ оқсоқолларидан. Уни ҳамма “Оқ милтиқ” дерди. Чунки у зуваласи пишиқ киши бўлиб, қаттиққўл ва ҳайбатли эди. Нигоҳлари ўткир, салобатидан от ҳуркарди. Қозоқ халқининг кичик жузи шомекей уруғидан бўлгани учунми, овулда барча ҳурмат қиларди.
1919 йил қиш фасли. Қиш ўзининг “қилиғи”ни кўрсатаётган пайт, Колгелди ота ўғилли бўлди. Фарзандига ота-боболари макон этган Билис кўли шарафига исмини Плис қўйди. Плис ёшлигиданоқ учувчиликка қизиқди. У бу тақдирига ёзилган шарафли касб бўлишини билмасди.
1933 йили Чаржоу шаҳридаги техникумга ўқишга кирди ва ўқишни тамомлаб, муаллим бўлиб қишлоқда дарс бера бошлади. Аммо Москвадан Ванкувергача тўхтамасдан учган учувчи Чкаловнинг жасорати ҳақидаги ўйлар унга тинчлик бермасди. Чкалов унинг учун ҳақиқий қаҳрамон эди. Ёшлик ва ўжарлик ўз кучини кўрсатди, у муаллимликни ташлаб, Мелитополь ҳарбий авиация билим юртига имтиҳон топшириб, ўқишга кирди. Аммо ўқиши якунига етмай, 1939 йил Қизил Армия сафига чақиртирилди. Жанг майдони, уруш оловини кўриб, ҳайратга тушди. Ўлган аскарлар, қонга бўялган тупроқ, бир оёғи, қўли йўқ ярадорлар... Уруш шафқатсиз эди, у ҳеч кимни аямасди. Плис сафдошларига нисбатан анча матонатли ва жасур эди. У 1943 йил 2-Беларусь фронти, 47-гвардия алоҳида 4-авиация разведка полки кузатувчи-учувчиси бўлиб хизмат қилди. У қисқа муддат ичида жасорат кўрсатиб, малакали ва ишончли разведкачилар сафига қўшилди ва гвардия катта лейтенанти бўлди.
Урушда ҳарбий ҳаракатланишнинг ўз қоидалари бор. Қаҳрамонимиз биринчилардан бўлиб душманнинг махсус объектларини кундузи ва кечқурун разведка қилишни бошлайди. Кундузи разведка ишларини олиб бориш бу ўлимга тик боқишдир.
Нурпейсов Берлин, Данцик, Гринья очиқ осмонида ўн марталаб кўриниш беради, 8 марта Кёнигсберг, 6 марта Штеттинда ўта оғир вазиятларда вазифасини аъло даражада уддалайди. Штабда унинг катта ҳажмдаги ишлари ҳисобига 148 та аэродром, 3 646 та темир йўл эшелони, 1 735 та зенит артилерияси, 925 та кема ва турли хил объектлар ҳақида душманнинг ўта махфий маълумотларини олишга муваффақ бўлинади. У тўплаган маълумотлар асосида душманга катта зарба берилади.
Пўлат тумшуқли бургут
1944 йил 10 мартдан 1945 йил 1 апрелгача полкда жанговар ҳаракатлари давомида экипаж қўшинлари захираси ва душман қўшинларини олиб чиқиш ҳамда темир йўл тизимларини ишдан чиқариш, узоқ масофали ҳарбий ҳийлалардан фойдаланиш бўйича 106 марта миссияда қатнашади. Киши ҳеч қаерда қўлланилмаган ҳарбий ҳийла ишлатиш учун анча заковатли бўлиши керак. Нурпейсов эса душман тарафнинг мудофаа чизиқлари бўйича шу қадар кўп махфий маълумотлар олиб келадики, бундай вазифани бажариш совет армиясида ҳеч қайси разведкачининг қўлидан келмаган. Сафдошлари уни “пўлат тумшуқли бургут”, деб аташган. У ҳар қандай метеорологик шароитларда, булутлар устида, тагида ҳам самолёт навигация техникасини мукаммал ўзлаштирган. Ту-2 ва
“Р” самолётларида топшириқларни моҳирона адо этган.
Звено командири катта лейтенант Константин Дунаевский, ўқчи-радист катта сержант Сергей Кононов, ҳаво ўқчиси, моҳир мерган Михаил Панфилов ва қаҳрамонимиз бошчилигидаги ушбу жамоа ўта мураккаб вазиятларда ҳам муваффақиятга эришади. Аммо урушда ҳар доим ҳам омад келавермайди. Ўлим ҳар сонияда таъқиб қилади.
1944 йил 15 май... Могиловда бўлган разведкада душман қўшинлари уларни зенит ўқлари билан кутиб олади. Жамоа ваҳимага тушмай, совуққонлик билан вазиятни қўлга олади. Душман анча тажрибали ва имконияти кўпроқ бўлса-да, аммо Нурпейсов улардан кўра чапдаст эди. У “Р” русумли самолёт нишонини ўзгартиради, ўзи эса парашют билан ерга сакрайди ва вазифани қуруқликда бир ўзи амалга оширишга киришади. Бу жамоа аъзолари учун кутилмаган ҳолат эди. Аммо командирнинг сўзи қонун. Экипаж аъзолари орқага чекинишади, Нурпейсов эса кўрсатилган объектни расмга олиш, маълумот тўплаш учун олдинга қадам босарди. Изига тушган душман аскарларига тузоқ қўйишга эришади ва уларни чалғитади ҳам. Шундай қилиб душман қўшинининг энг катта махфий базаси ҳақида маълумот олади. Бу Могиловдаги ғалаба учун пойдевор эди.
Парвоз. Ўқ ердан “ёғилди”...
Бобруйскда бўлган разведкада уларни ўққа тутишади. Қарши томоннинг зирҳли техникалари, ўқ ёмғири сабаб белгиланган манзилга киришнинг имкони бўлмайди. Душманнинг снаряди тегиши оқибатида самолётнинг чап мотори ишдан чиқади, ўқчи жароҳат олади. Экипаж катта талафот кўради. Вазият оғир. Чап моторсиз самолёт, мергансиз жамоа. Бундай вазиятда вазифани бажариш мушкул. Аммо Нурпейсов орқага қайтмайди. Ўқ ёмғири устига кириб бориб, иккинчи марта нишонни суратга олишга эришади, кўрсатмани тўлиқ адо этиб, аэродромга келади.
1944 йил 7 сентябрда навбатдаги разведка пайтида Ортельсбург тумани атрофида совет самолётини душманнинг 3 та қирувчи учоғи тўсади. Экипаж аъзолари мақсадига эришиб, белгиланган манзилдан маълумотлар тўплайди, аммо самолёт ердан ва ҳаводан юборилган ўқ ёмғири остида бутунлай ишдан чиқади. Самолёт ерга қулайди. Душман артиллерияси ўққа тутишда давом этарди. Плис эса ўта совуққонлик билан вазиятни баҳолаб, фотоаппарат кассеталари ва махфий маълумотлар қутисини олиб қочишга эришади.
Берлин осмонида бирдан пайдо бўлган душман самолётини кўриб, немис аскарлари ваҳимага тушади. Улар учун бу ҳудудга кириш иложсиз иш эди. Гитлер армиясининг мудофаа чизиқлари, ҳарбий ҳийла, эртанги жанг, аскарлар ва техникалар сони, тиббий ва таъминот захираси, шу сингари кўпгина маълумотлар энди рус командирлари учун махфий эмасди. Нурпейсов Берлинга бўлган парвозда катта ютуққа эришди! У душман қўшинининг барча сирли маълумотларини ошкор этди. Ярим ғалаба! Немис артиллерия қўшини қўмондонининг “Агар у қўлимга тушса, ўзим ўлдираман. Менга тириклай керак. Унинг чириган танасини ўзи учган барча ҳудудга сочаман!” деган қаҳрли овози кўп вақт рус радиоларида “айланди”.
“Задание выполнено, иду домой!”
Берлинни босиб олишга бўлган жанговар тайёргарликларда разведкачиларнинг иши кўпайди. Сафдошларининг бири Иван Коджеровнинг айтишича ўша кунлар Нурпейсов учун кун ва тун, соат ва сония – ҳаммаси аҳамиятсиз эди.
Қаҳрамонимиз 1945 йил апрель ойигача учувчи-разведкачи бўлиб хизмат қилади. 100 га яқин жанговар вазифаларни амалга оширади, шулардан ўнтаси кундузги разведка ишлари эди.
23 апрель куни тўртинчи марта Берлинга учишга тўғри келди. Нурпейсов доимгидек штурвални ишонч билан чангаллади. Вазифа ўта оғир. Совет армиясининг энг тажрибали командирларигина бу операцияга жалб қилинган. Экипаж аъзолари бу оддий топшириқ эмаслигини яхши билишарди. Ҳамманинг юзида алланечук ҳаяжон ва қўрқув. Нурпейсов белгилаган манзилга борди. “Р” самолётида объектни расмга олиб, маълумотларни қайд этди. Штаб рациясидан унинг сўнгги бор “Задание выполнено, иди домой!” – деган билдиргиси эшитилди. Тарих саҳифаларида бу ғалабанинг илк куни сифатида қайд этилган. Ҳа, Плис Нурпейсов вазифани аъло даражада бажарганди, аммо ортга қайтиш насиб қилмади.
***
1945 йил 18 август куни собиқ СССР Бош штаб қўмондонлигининг махсус буйруғига асосан, жанговар вазифаларни намунали бажариш, душман мудофаа объектларини аниқлаш, мислсиз мардлик ва довюраклиги учун гвардия катта лейтенанти Плис Нурпейсовга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди. 2 та “Қизил байроқ” медали билан тақдирланди. Кёнигсбергда бюсти ўрнатилди.
Қаҳрамонимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Нукус шаҳридаги университет биносига мемориал лавҳа қўйилди, Тахтакўпир туманидаги мактабга унинг номи берилди. Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан “Ғалаба боғи”да Плис Нурпейсов сиймоси акс эттирилган ҳайкал ўрнатилмоқда.
У 26 ёшида бўз йигит бўлиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Унинг мардонавор ҳаёти ибрат ўлароқ қалбларимизда мангу!
Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
“Vatanparvar” газетаси мухбири.