Лерри Гелберд: “Ўзбекистонда ҳам пахта ўсадими?”
Америка даласидаги худди ўзимизникидай пахта чаноқлари…
(3-қисм)
Калифорния штатининг об-ҳавоси ери, қуёши, суви, иқлим шароити Ўзбекистонникига ниҳоятда яқинлигининг гувоҳи бўлдик. Биз дунёнинг икки қитъасида лекин бир хил табиий шароитда бўлган икки деҳқон, икки пахтакор, икки чорвадорнинг яшаш ва меҳнат қилиш тарзидаги ўзига хос хусусиятларини ўз кўзимиз билан кўрдик.
Улардаги илғор, юксак, афзал томонларни чуқур ва синчковлик билан ўргандик. Ўзимизнинг устун томонларимизни ҳам кўриб, эслаб фахрландик. Лекин ўхшашлик томонларимиз ҳам кам эмасди. Бу ерда ҳам Ўзбекистондагидек сувлар бетон ариқларда келтирилиб, қадимий усулларда ғўза пайкалларига оқизиб суғорилар экан.
Машина теримидан аввал бу ерда ҳам қишлоқ хўжалик авиацияси ўша химикатлар ёрдамида пахтани дефолиация қилар экан. Фақат бу ерда ер хусусий мулк бўлиб унда ер эгасининг ўзи ишлайди. Ҳар бир нарсага жон куйдиради, керакли нарсани ўзи сотиб олади, ёллаган ишчисига ўзи ёнидан ҳақ тўлайди. Бундай иқтисодиётнинг ҳисоб-китоби пухта бўлишни талаб қилади.
Лекин пахта толасининг сифати, ғўза селекцияси, генетикаси, бизни ҳайратлантирди. Ғўза чеканка қилинадими, бунинг учун махсус чеканка қилиш машиналари – механизация мавжудми, деган саволимизни тушунишмади. Бу ерда чеканка умуман қилинмас экан. Пахтанинг шундай навлари яратилганки, ғўза бўйи керакли баландликка етгандан кейин қанча сув берманг, қанча ўғит берманг у бошқа бўйига ўсмай куч фақат хосил тўплашга кетар экан. Ғўза селекцияси, генетикаси етарлича ҳосил тўплашни таъминлайди. Пахтакордан фақат парваришни агротехника қонун-қоидаларини ўз муддатларида ўтказиш талаб қилинади.
Америка даласидаги худди ўзимизникидай пахта чаноқлари…
Тажрибали пахтакорлардай, аста чаноқдаги пахтанинг бир бўлагини бармоқларим орасига олиб чигитини санай бошладим. 9 та, айримларида 11 та чигит, ғўза шохларидаги кўсакларни ҳам санадим. Ҳа, бу майдонларда бемалол 45 центнердан пахта ҳосили олса бўлади. Кўринишидан камтарин, камсухан, бизни кўриб бироз ҳайрон бўлаётган Лерри Гелберд Ўзбекистондай катта пахта давлатидан келганимизни, бизнинг ҳам пахтадан хабаримиз борлигини кўриб, эшитиб, ўз ҳамкасбларини кўрганидан хурсанд эди.
Агар таассуротларимиз, ҳиссиётимиз алдамаса, Лерри Гелбердни кўриб, Америка пахтакорларнинг ҳам меҳнати, ҳаёти унчалик енгил эмаслигини сезгандай бўлдик. Бизда ҳам унга нисбатан ҳамдардлик ҳислари пайдо бўлди. Илоҳим ўзаро илиқ муносабатларимиз бизни ҳеч қачон тарк этмасин. Лерри Гелберд билан биз дунёнинг икки турли қитъасида яшаймиз. Бироқ касбимиз бир. Пахтакормиз!
Бизнинг тилимиз, турмушимиз, Ватанимиз бошқа бошқа бўлса ҳам ишимиз дилимиз, тилагимиз бир. “Америкада ҳам пахта ўсадими?” – деб юртдошларимдан бирининг менга берган саволига ҳамоҳанг “Ўзбекистонда ҳам пахта ўсадими?” деб сўради Лерри Гелберд. Эй, дунёнинг икки қитъасидаги қадрдон пахтакорларим, ҳа, Америкада ҳам, Ўзбекистонда ҳам пахта ўсади. Сизларнинг бу машаққатли ишингиздан бутун инсоният беҳад миннатдор! Бизнинг бахтимизга соғ бўлинг, омон бўлинг, деб турган бир пайтда қаердандир “Сизларнинг олдингизда бизлар қарздормиз!” деган кимдандир, қаердандир хитоб ҳам чалингандай бўлади қулоғимга.
Бу ерда диққатимни яна бир нарса ўзига жалб қилди. У ҳам бўлса пахта етиштириш ишларини ташкил қилишдир. Миллионлаб тонна бензин, керосин, мазутни ёқиб ҳавога учирадиган Америка, пахта йиғим-терими мавсумини бир теришда тугатади. Ёқилғи танқислиги нима эканлигини билмайдиган америкаликлар илгарилари бизга ўхшаб ўнлаб, юзлаб пахта териш машиналарини икки, уч, тўрт марталаб пайкалларга киритмайди. Ерни тепкилаб, тупроқ структурасини бузмаслик у ёқда турсин, қиммат ёқилғи исрофгарчилигига ҳам йўл қўймайди. Ерга эгалик қилиш, бозор иқтисодиёти – пахта таннархининг ошишига қарши. Хусусий мулкчилик маблағ ва бошқа ресурсларни тежаб, тергаб ишлатишни талаб қилади. Америкаликлар, улар ким бўлмасин, миллионерми ёки оддий инженерми, пахтакорми, ҳар бир цент – бизнингча тангани нимага сарф бўлаётганлигини аниқ билиши шарт ва уни қандай тежаш йўлларини роса ўйлайди. Бу ўринда “танга сўмни тежайди” деган мақол Америкада яралган бўлса керак, деб ўйлаб қоласан киши. Уларнинг қобилияти, истеъдоди, топқирлигига таҳсинлар ўқийсан.
Америкада ҳам ўша бизнинг пахтакорларимиз ва деҳқонларимизни қийнаётган қишлоқ хўжалик зараркунандалари билан курашиш муаммоси бор. Бу эса қўштирноқ ичидаги “қадрдонларимиз” – оқ пашшадир. Номи оқ-ку, лекин Ўзбекистонда ҳам, Америкада ҳам қиладиган иши бирдай қорадир уларнинг.
Хўжаликнинг биолабораториясида бўлдик... Ричард Редл гапни ҳозирги кунда Америка пахтакорлари олдида турган катта муаммо ана шу – оқ пашшага қарши олиб борилаётган курашдан бошлади. Бу ерда кичик бўлса ҳам мукаммал, илмий асосда олиб борилаётган тадқиқот ишлари билан танишдик. Пахта зараркунандаларининг пайдо бўлиш сабаблари, кўпайиш динамикаси ва айни бир пайтда етиштирилаётган пахтани сақлаб қолиш учун олиб борилаётган ишлар худди Ўзбекистондаги ўсимликларни ҳимоя қилиш институти фаолиятини ҳамда унинг вилоят ва туманлардаги тажриба станциялари томонидан олиб борилаётган тадқиқотларни эслатади.
Ричард Вендалнинг айтишича, ташрифимиздан бир йил олдин Калифорния пахтаси учун айниқса оғир йил бўлган. Оқ пашшанинг бир йилда келтирган зиёни 255 миллион долларни ташкил этган. Пахтанинг сифати пасайиб кетган. Шу сабабдан ҳам пахтачиликда биологик методни қўллаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Пахта етиштириш билан шуғулланадиган барча фермерлар куч ва имкониятларини бирлаштириб оқ пашшага қарши кураш бўйича махсус ҳайъат тузишган. Оқ пашшага қарши биологик кураш дастури “Грин Хауз” – “Кук уй” деб номланиб унинг учун АҚШ қишлоқ хўжалик департаменти ўз бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратган.
Жаноб Р.Вендал оқ пашшага қарши кураш бу ерда ниҳоятда чуқур илмий асосда ва пухта ташкил этилганлиги тўғрисида гапириб берди. Бизга тушунтириши бўйича зараркунанда пайдо бўлдими, фойдали ҳашаротларга ҳам, жониворлар, ҳайвонлар, одамларга ҳам зиён келтирадиган ўта заҳарли кимёвий моддаларни экинга шошилиб сепмасдан, аввал зараркунандаларни пайдо бўлиш сабаблари, кўпайиш жараёни, уруғ қўйиш муддатлари, хатти-ҳаракатлари, қўйингки, ўзига хос барча хусусиятлари синчковлик билан ўрганилар экан.
Айниқса, экинга зарар етказмайдиган ва табиатда ўзи учрайдиган, уларнинг кушандаси – фойдали ҳашаротлар қидириб топилар экан. Пухта ўтказилган ижобий тажрибадан кейин зараркунандаларга қарши биологик усул билан кураш олиб борилади, деди Р.Вендал. Айниқса, фойдали ҳашаротлар чуқур ўрганилади. Уларнинг зўридан насл олинади. Сўнгра кўпайтирилиб бу “бақувват қўшинлар” ҳосил душманига қарши ташланади.
Чорак аср муқаддам ва бугун
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, ер-сув, атроф-муҳит шўро даврида пахта далаларида кенг қўлланилган пестицид каби яд-химикатлардан катта зарар кўрди. Америкаликлар эса айни бир шароитда бошқа йўлдан бордилар. Улар ҳашаротларга қарши курашни пахта ўсимлигининг ўзига юклашди. Селекционер олимлар пахта чигити, ўсимлиги ирсиятида ўзгаришлар қилиш йўлини топдилар. 1990-йилларнинг ўрталарида Монсанто биотехнологик компанияси олимлари Bacillus thuringiensis (Bt) бактерия генини пахта уруғига жойлашга муваффақ бўлдилар. Бу кутилганидан ҳам аъло натижа берди. Ген модификацияси қилинган ўсимлик ўзи мустақил равишда танасидан яд – заҳар ишлаб чиқара бошлади. Шундай қилиб пахта ўсимлиги ўзининг ашаддий душмани бўлган кўсак қуртини ўлдириб, унга қарши курашди.
Ричард Вендал бизни ўзининг яна бир иши, яъни экинни томчилаб суғориш бўйича олиб борилаётган лаборатория тажрибалари билан ҳам таништирди. Ҳар туп кўчат тагига биттадан кичик полиэтилен найчаси келтирилган. Бундай суғориш усулини кўриб ҳайрон бўлманг. Биз бу рақамни қайта-қайта сўраб аниқлаб текшириб олдик. Бу усул билан 98 фоизгача сув тежаб қолинар экан.
Қаранг, юз фоиз аҳолини боқиш, уни кийинтириш учун Американинг деҳқончиликда банд бўлган 2-6 фоизгина қишлоқ аҳолиси етар экан. Тўғри, биз учун, нафақат биз учун, балки ҳамдўстлик мамлакатларининг кўпчилик республикалари учун ҳам ҳозирча бу бир мўъжиза, хаёлотдир.
Давоми бор.