Латексли қўлқоплар савдосидан миллиардер бўлишмоқда
Дунёнинг энг кўп доллари бор кишилари рўйхатига Малайзиялик икки миллиардер ҳам қўшилди.
Дунёнинг энг кўп доллари бор кишилари рўйхатига Малайзиялик икки миллиардер ҳам қўшилди. Улар бойлигини латексли қўлқоплар савдосидан ишлаб топишди. Дунё бойлари клубига Supermax Corp компанияси асосчиси Тай Ким Сим ҳам кирди, деб ёзади Bloomberg.
Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари орасида иқтисоди энг жадал ривожланиб бораётган Малайзия дунёдаги энг кўп латекс қўлқоп ишлаб чиқарадиган мамлакат ҳисобланади. Дунёда ишлаб чиқарилаётган латексли қўлқопларнинг 65 фоизи Малайзия ҳиссасига тўғри келади. Шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни кучайтириш 1980 йилда ОИТС касаллиги пайдо бўлгандан кейин бошланган эди.
Қўлқоплар ишлаб чиқаришнинг ҳозирдаги кескин оширилиши эса коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, эпидемиянинг томом бўлиш муддати ҳали номаълум, шу боис янги шароитда яшашга кўникиш керак ва турли мақсадлар учун қўлқоплардан фойдаланиш зарур.
Бу борада Supermax Corp компаниясининг муваффақияти айниқса, қизиқ, дейди таҳлилчилар. Бозордаги бошқа иштирокчилар, жумладан, асосий етказиб берувчи ҳисобланган Top Glove (акциялари 223 фоизга қимматлашди) ва Hartalega (113 фоизга ошган) компанияларидан фарқли улароқ, Supermax Corp корпорацияси нафақат етказиб берувчи, балки йирик ишлаб чиқарувчи ҳамдир. Шу боис компания акциялари бошқаларникидан ҳам кўп, қарийб беш баробарга қимматлашди (394 фоиз). Мазкур компания ҳар йили тахминан 24 миллиард жуфт қўлқоп ишлаб чиқаради. 2019 йилги ҳисоботда келтирилишича, компания раҳбарияти 2024 йилга бориб йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 44 миллиард донага етказишни режалаштирмоқда.
Кўпчиллик таҳлилчилар Supermax Corp акцияларини харид қилишни тавсия этаётганига қарамай, айрим экспертлар компания акцияларини сотиб олиш хавфли эканини айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, агар бошқа мамлакатлар, масалан, хитойлик ишлаб чиқарувчилар фаоллашадиган бўлса Малайзия компаниясининг даромади тушиб кетиши мумкин.