“Laser Run City Tour - 2026” мусобақалари ёшларга руҳий қувват бағишлади
Пойтахтимиздаги “Tashkent City Park” ҳудудида замонавий бешкурашнинг югуриш ва лазерли отишма йўналишларини ўзида мужассам этган “Laser Run City Tour-2026” мусобақасининг иккинчи босқичи ўтказилди.
Замонавий бешкурашнинг югуриш ва лазерли отишма уйғунлигидаги “Laser Run City Tour-2026” мусобақаси мамлакатимизда бешинчи бор ўтказилаётган бўлиб, бу галги баҳсларда 300 нафардан ортиқ ҳаваскор спортчи болалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган ўзига хос мусобақа иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги билан бир қаторда, диққат, аниқлик ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятларини синовдан ўтказди.
Ёшларга руҳий қувват бағишлаган мусобақада қатнашган спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, замонавий бешкураш федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев, таниқли спортчилар, мураббий-мутахассислар мусобақалар жараёнида ёшлар билан дилдан суҳбатлашди.
Ёш авлод орасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш тамойиллари тарғиб қилинган баҳслар якунида энг яхши натижага эришган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА