Лалми ерларда яратилган янги имкониятлар
Глобал иқлим ўзгариши ҳамда сув ресурслари тақчиллиги қишлоқ хўжалигида мутлақо янги ёндашувларни тақозо этмоқда. Ана шундай шароитда BMB Holding тизимига қарашли BMB Gardens корхонаси Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги сув таъминоти чекланган, узоқ йиллар фойдаланилмай келган лалми ерларни замонавий агротехнологиялар асосида ўзлаштириш ишларини изчил амалга оширмоқда.
Туманнинг “Чаянли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “яшил иқтисодиёт” тамойилларига таянган ҳолда йирик интенсив боғ барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида аввал хўжалик айланмасига жалб этилмаган ер майдонлари босқичма-босқич ўзлаштирилиб, замонавий саноат боғдорчилиги учун мустаҳкам замин яратилмоқда. Бу эса ҳудудда аграр соҳани янада ривожлантириш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва юқори қийматли маҳсулот етиштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири хориждан олиб келинган ҳамда лаборатория шароитида in vitro технологияси асосида етиштирилган, экспортбоп батерма навли гилос, олча кўчатларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириб экилаётганидир. Ушбу кўчатлар касалликларга чидамлилиги, қисқа муддатда ҳосилга кириши ҳамда лалми ерларда яхши ривожланиш хусусияти билан ажралиб туради.

Сув танқислиги кузатиладиган ҳудудларда юқори самарадорликка эришиш мақсадида тўлиқ автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Мазкур технология сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш баробарида озуқа элементларини бевосита кўчат илдизига етказиб беради. Бу эса тупроқ эрозиясининг олдини олиш, ёш ниҳолларнинг барқарор ўсиши ва ноқулай иқлим шароитида ҳам уларнинг соғлом ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ташаббус тўлиқ қувват билан ишга тушгач, катта ҳажмда экспортбоп маҳсулот етиштириш имконияти яратилади. Шу билан бирга, лойиҳа ижтимоий аҳамияти билан ҳам эътиборга молик. Зеро, янги боғлар барпо этилиши маҳаллий аҳоли учун кўплаб доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилишига замин ҳозирламоқда.

Лалми майдонларни инновацион ечимлар асосида самарали ўзлаштириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш ва экспортбоп боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган бундай лойиҳалар мамлакатимиз аграр соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини яна бир бор намоён этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири