Лабораториядан ташқи бозоргача: сифат назорати такомиллашмоқда
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришда фақат ҳосилдорликни ошириш эмас, балки маҳсулот сифати ва хавфсизлигини халқаро талаблар даражасида таъминлаш ҳам устувор вазифага айланди. Зеро, ташқи бозорда рақобатбардошлик аввало маҳсулот сифати, унинг хавфсизлиги ва халқаро мезонларга мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатлар билан белгиланади.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада лабораторияларни модернизация қилиш, сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш ва рақамли хизматларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳам мазкур ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлди.
Ҳисобот даврида пахтачилик, дончилик ва уруғчилик тармоқларида юз минглаб тонна маҳсулот лаборатория синовларидан ўтказилиб, уларнинг сифат кўрсаткичлари халқаро талаблар асосида баҳоланди. Пахта толаси, пахта момиғи, техник чигит, шунингдек, импорт қилинган дон ва ун маҳсулотларини сертификатлаштириш ишлари белгиланган тартибда амалга оширилди.
Айниқса, уруғчилик соҳасида рақамли назорат механизмлари кенгайиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини QR-кодли ёрлиқлаш тизимининг жорий этилиши маҳсулот келиб чиқиши ва сифати устидан назоратни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Биринчи ярим йилликда миллионлаб QR-кодли ёрлиқлар ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилди.
Шу билан бирга, маҳаллий ва импорт қилинган мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, уруғлик чигит, картошка туганаклари, сабзавот, полиз ва ем-хашак экинлари уруғлари лабораторияларда синовдан ўтказилиб, белгиланган талабларга жавоб берган партияларга экинбоплик хулосалари расмийлаштирилди. Бу эса қишлоқ хўжалигида сифатли уруғлик базасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Марказимиз фаолиятида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” қошидаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасаси директори Жаҳонгир Каримов. – “Strategic Development and Research International Center (ISCAD)” билан ҳамкорликда уруғчилик соҳасини модернизация қилиш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичи муваффақиятли якунланиб, замонавий лаборатория ускуналари ишга туширилди.
Бундан ташқари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда уруғлар сифатини баҳолаш лабораториялари салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири Марказнинг “International Seed Testing Association (ISTA)” халқаро ташкилоти аъзолигига қабул қилингани бўлди. Бу нафақат миллий уруғчилик тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштириш, балки келгусида ISTA аккредитациясини қўлга киритиш учун ҳам муҳим ҳуқуқий асос яратди.
Шунингдек, Нидерландиянинг “Naktuinbouw” ташкилоти билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди. АҚШ, Германия, Бразилия ҳамда Туркиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги нуфузли ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар эса илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувларни миллий тизимга татбиқ этишга хизмат қилади.
Эътиборлиси, амалга оширилаётган ишлар фақат лабораториялар фаолиятини такомиллаштириш билан чекланмаяпти. Улар мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини ишончли кафолатлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда ўзбек маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда аграр соҳани замонавий стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим амалий натижасидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА