Энг истиқболли стартаплар қўллаб-қувватланди
Сирдарё вилоятида ёшларнинг инновацион ғояларини рўёбга чиқариш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида навбатдаги “Pitch Day” – стартап лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган иқтидорли ёшлар, IT соҳаси мутахассислари ҳамда яқинда ўтказилган “AI Hackathon” танлови иштирокчилари ўзларининг инновацион ишланмалари билан қатнашдилар.

Тақдимот давомида соғлиқни сақлаш, таълим, киберхавфсизлик, тадбиркорлик ва рақамли хизматлар йўналишларини қамраб олган жами 22 та стартап лойиҳа намойиш этилди. Лойиҳаларнинг долзарблиги, янгилиги, амалий аҳамияти ва ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари атрофлича баҳоланди.
Якунда 19 та истиқболли лойиҳа тегишли бошқарма ва ташкилотларга бириктирилиб, уларни амалиётга жорий этиш бўйича масъуллар белгиланди. Бу эса ёшлар томонидан яратилган инновацион ғояларни реал натижага айлантириш, замонавий ечимларни амалиётга татбиқ этиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, энг яхши деб топилган 3 та стартап лойиҳаси муаллифларига фаолиятини янада ривожлантириш учун замонавий офис хоналари ҳамда юқори қувватли компьютер жамланмалари тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири