Кузги кўчат экиш мавсуми бошланди
Сирдарё вилоятида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги мавсумга старт берилди.
Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-34 "Тошкент – Душанбе" автомобиль йўлининг Мирзаобод тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида вилоят Экология бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, "Тоза ҳудуд" ДУК, Ободонлаштириш бошқармаси, “Сирдарёйўлкўкалам” ДУК, вилоят ўрмон хўжалиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида кўчат экиш ишлари амалга оширилди.


Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев иштирок этди. Вилоят раҳбари шу кунга қадар экилган кўчатлар, барпо этилган боғлар, яшил ҳудудлар, яшил жамоат парклари тўғрисида гапириб, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги мавсумни намунали ва самарали ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларга тўхталди.


Шундан сўнг вилоят фахрийлари яхши ният билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги мавсумнинг илк кўчатини экишди. Ҳашар иштирокчилари шу куни икки минг дона Сирдарё вилояти иқлимига мос манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишди. Аҳамиятли томони, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятида кузги мавсумда 5 миллион 987 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган
Ш. Суяров,
ЎзА