Куз-қишга тайёргарлик кўрилмоқда
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи ҳамда Бухоро вилояти прокуратураси Бухоро туманидаги “Шейхонча” маҳалла фуқаролар йиғинидан тушган мурожаатларга асосан, ушбу ҳудуддаги 476-сонли трансформатор пунктида мутасадди ташкилотлар мутахассислари билан ўрганиш ўтказди.
Ўрганишда, 476-сонли трансформатор пунктидан узоқ масофадаги аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларида электр қуввати эҳтиёждан пастлиги аниқланиб, истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қўшимча равишда қуввати 63 киловольт-амперли трансформатор пункти ҳамда темир бетон таянчлар ўрнатилиши таъминланди.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоятда энергетика хавфсизлигини таъминлашда куз-қиш даврига муносиб тайёргарлик кўриш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш, энергия тежамкорлигини таъминлаш, энергия ресурсларидан фойдаланишда исрофгарчиликни камайтириш борасидаги қонун ҳужжатлари ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятда 99 мингта уйларнинг ностандарт газ ёндиргични замонавийсига алмаштириш ҳисобига 99,3 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланган. Бугунги кунда 69,7 мингта ностандарт газ жиҳозлари замонавийсига алмаштирилиши таъминланди.

Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳридаги “Имом Бухорий” маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли билан маҳалла биносида соҳага масъул идора вакиллари иштирокида газни иқтисод қилиш ускуналарининг афзалликлари, уларнинг ишлатилиши ва хавфсизлиги хусусида тушунтириш берилди. Тадбирда ушбу маҳаллада яшовчи 15 нафар ҳамда шаҳарнинг “Кўкалдош”, “Ҳамид Олимжон” ва “Алишер Навоий” маҳаллаларида яшовчи жами 50 та ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга газни иқтисод қилиш ускуналари бепул тарқатилиб, жиҳозлар ўрнатиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган фуқаролар Н.Салоева ва М.Мавлянов хонадонига 3 квт.ли энерготежамкор қуёш панеллари ҳам бепул ўрнатилди.

Давлат раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатидаги оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ўрганишлар ўтказиш, уларни даромадли қилиш, ҳар бир оила кесимида индивидуал режалар тузиб, зарур чоралар кўриш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.