Кутубхоналарга китоблар жамланмаси топширилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Андижон вилояти Асака тумани кутубхоналари ва умумтаълим мактабларига 100 номдаги жами 4 минг дона бадиий адабиётлар совға қилинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Шодмонқул Салом, "Шарқ юлдузи" журнали муҳаррири Муҳаммад Сиддиқ, Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи ҳамда кутубхона ва мактаблар вакиллари иштирокида Асака педагогика коллежида китоблар топширилишига бағишланган тадбирда китобнинг инсон камолоти ва жамият тараққиётидаги ўрни, роли ниҳоятда катта эканлиги, жумладан, тақдим этилаётган китоблар туман аҳолиси, ўқувчи ёшларнинг тафаккурини юксалтиришга, китобхонлар сафини янада кўпайишига хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир давомида тумандаги 68 та умумтаълим мактабига 3 минг дона туман ахборот-кутубхона марказига 1 минг дона бадиий китоблар топширилди.

– Ёзувчилар уюшмасининг хайрли ташаббуси биз педагогларни беҳад қувонтирди, – дейди Асака туманидаги 26- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Абдурашид Эргашев. – Мактабларимизга тақдим этилган бадиий адабиётлар кутубхоналаримиз фондини бойитади, қолаверса, ўқувчилар янги асарлар билан танишишади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА