«Курашхона»да замонавий сув иншооти янгиланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳалардан бири — «Курашхона» сув тозалаш ва узатиш иншоотини реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.
«Наманган вилоятининг ичимлик ва оқова сув тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган мазкур ишлар Наманган шаҳрининг асосий ичимлик суви манбаларидан бирининг техник имкониятларини кенгайтириш, сувни тозалаш сифатини яхшилаш ва аҳолига барқарор ичимлик суви етказиб беришга қаратилган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳанинг умумий қиймати 16,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Айни пайтда объектда қурилиш-монтаж ишларини Ҳиндистоннинг «Angelique-lon Exchange Consortium» компанияси амалга оширмоқда. Жараёнга зарур мутахассислар ва махсус техникалар жалб этилган.
Лойиҳа доирасида 9 та замонавий насос агрегати, суткасига 100 минг куб метр сувни тиндириш ва фильтрлаш қувватига эга иншоот, реагент хўжалиги, диспетчерлик хизмати ҳамда марказий лаборатория биноси барпо этилмоқда.
Шунингдек, мавжуд 2 та 5 минг куб метрлик ва 1 та 10 минг куб метрлик тоза сув резервуарини реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, «Курашхона» сув иншоотининг сув тозалаш қуввати ҳозирги суткасига 38 минг куб метрдан 100 минг куб метрга етказилади.
Янги технологиялар сувнинг лойқалиги 2500 мг/литргача бўлган ҳолатларда ҳам уни сифатли тозалаш имконини беради. Натижада Наманган шаҳри ва унга туташ ҳудудларда яшовчи 600 минг нафарга яқин аҳолини узлуксиз ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш имкониятлари кенгаяди.
[gallery-31510]
Лойиҳа якунланиши билан «Курашхона» иншоотининг ишлаб чиқариш қуввати сезиларли даражада оширилиб, Наманган шаҳрида ичимлик суви таъминоти барқарорлиги ва хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА