Гукеш – Синдоров: Шахмат тожи учун кечадиган чемпионлик жангининг бош ҳамкори маълум
Женевада ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу иштирокида шахмат тожи учун кечадиган FIDE Жаҳон чемпионати 2026 мусобақасининг бош ҳамкори номи эълон қилинди.
Халқаро шахмат федерацияси Қозоғистон шахмат федерацияси президенти ва Халқаро мактаб шахмат федерацияси раҳбари Тимур Турлов бош директорлигидаги “Freedom Holding Corp” компанияси мазкур мусобақа бош ҳамкорига айланганини тасдиқлади.
Жорий йилнинг 22 нобрь – 12 декабрь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида ҳиндистонлик жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўз чемпионлигини ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоровдан ҳимоя қиладиган мазкур мусобақа 14 та классик ўйиндан иборат бўлиб, унинг очилиш маросими 22 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Женевадаги “Palais des Nations” саройида ўтадиган чемпионлик баҳси энг ёш шахматчилар иштирокида кечиши билан аҳамиятли бўлиб, шахмат тожи учун мусобақа бошланган 1886 йилдан бери илк бор йигирма ёшли гроссмейстерлар ўртасида ўтказилмоқда.
Айтиш лозимки, “Freedom Holding Corp” компанияси 2023 йилдан бери FIDEнинг стратегик ҳамкори. Компания бугунгача шахмат бўйича бир қатор жаҳон чемпионатлари, нуфузли турнирларни ташкил этишда иштирок этиб келмоқда.
- Ушбу компания кўп йиллар давомида шахмат мусобақаларини ташкил этишда қатнашиб келади. Синдоров ва Гукеш ўртасидаги Жаҳон чемпионати мусобақасини қўллаб-қувватлаётгани таҳсинга сазовор. Шахматнинг фалсафасини, шахмат тожи учун бўладиган мусобақани, ёшлар ўртасидаги биринчиликларни, таълим йўналишидаги ташаббусларга хайрихоҳлик, бу, бугунги кунда муҳим ҳисобланади, дея ўз муносабатини билдирди FIDEнинг вақтинчалик президенти Вишванатан Ананд.
Таъкидлаш керакки, Гукеш Доммаражу-Жавоҳир Синдоров иштирокидаги мусобақа жаҳон шахмат оламининг энг муҳим ва асосий тадбири саналади. Уни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда техник-тактик масалаларини ҳал этиш Халқаро шахмат федерацияси олдида турган муҳим вазифа ҳисобланадики, ташкилотчилар, ҳомийлар қаторида ишончли ҳамкорлар ташаббус кўрсатиши йил мусобақасининг профессионал ташкил этилишига ижобий таъсир кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионатининг соврин жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Тақсимотга кўра, ғолиб 1,3 миллион доллар, 2-ўрин соҳиби 1,2 миллион доллар билан тақдирланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА