Кураш бўйича «Бош прокурор кубоги» ғолиблари аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳрида кураш бўйича «Бош прокурор кубоги»нинг республика финал босқичи ўтказилди.
«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган мазкур мусобақа иқтидорли спортчиларни қуйи бўғиндан — маҳалладан бошлаб аниқлаш, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда ҳудудларда замонавий спорт майдончаларини барпо этишга қаратилган.
Финал босқичида республикамизнинг 14 ҳудудидан ташриф буюрган 126 нафар полвон ғолиблик учун баҳс олиб борди. Беллашувлар аёллар ўртасида 4 та, эркаклар ўртасида 5 та вазн тоифасида ўтказилди.
[gallery-30797]
Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, жамоавий ҳисобда Жиззах вилояти вакиллари биринчи ўринни эгаллади. Сурхондарё вилояти жамоаси иккинчи, Самарқанд вилояти маҳалла ёшлари эса учинчи ўринни қўлга киритди.
— Бугунги мусобақага мамлакатимизнинг энг сара полвонлари йиғилгани боис ғолиблик учун кураш анча қийин кечди, - дейди 73 килограмм вазн тоифасида мутлақ ғолибликни қўлга киритган Достон Омонов. — Барча рақиблар кучли тайёргарлик билан келгани сезилиб турди. Бундай мусобақаларнинг ҳудудларда ўтказилиши биз, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, мусобақада ўз вазн тоифаларида ғолибликни қўлга киритган 36 нафар ёшнинг маҳалласида универсал, стритбол ва воркаут майдончалари қуриб берилади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА