“Ўзэнергоинспекция бошлиғи кубоги” ғолиблари тақдирланди
Энергетика соҳасида барқарорлик ва ишончлиликни таъминлаш, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилишда малакали ва масъулиятли кадрларнинг ўрни муҳим. Бу борада ходимларнинг касбий салоҳияти билан бир қаторда, уларнинг жисмоний ва маънавий камолотига эътибор қаратиш ҳам жамоа фаолияти самарадорлигининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
“Ўзэнергоинспекция бошлиғи кубоги” доирасида ўтказилган спорт мусобақалари ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилди. Беллашувларда марказий аппарат ҳамда ҳудудий бошқармалар ходимлари иштирок этиб, спортнинг турли йўналишларида ўз куч ва маҳоратларини синаб кўрди.
Айниқса, арқон тортиш баҳслари кўтаринки руҳда кечди. Муросасиз беллашувлар якунига кўра, Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси жамоаси ушбу спорт турида чемпионликни қўлга киритди.

Мини-футбол бўйича баҳслар ҳам қизғин ва мазмунли ўтди. Жамоалар майдонда муносиб ўйин намойиш этиб, ғалаба учун сўнгги дақиқага қадар курашдилар. Якунда Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси жамоаси мини-футбол бўйича чемпионликни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов иштирок этиб, иштирокчиларни эришган натижалари билан табриклади.
–Бундай тадбирлар, аввало, ходимларимизнинг соғлом ва фаол ҳаёт тарзига бўлган қизиқишини ошириш, улар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва жамоавий руҳни юксалтиришга хизмат қилади.

Бугунги беллашувларда ҳамкасбларимиз жисмоний тайёргарлиги билан бир қаторда, матонат, интилиш ва жамоа бўлиб ҳаракат қилиш қобилиятини ҳам намоён этди. Бундай мусобақаларда муҳим жиҳат натижа билан бир қаторда, бир мақсад атрофида жипслашиш, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдир. Ишонаманки, бугунги мусобақалар жамоамиз аъзоларига яхши кайфият ва янги куч бағишлаб, келгуси фаолиятда ҳам ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишга руҳлантиради, – деди Аҳадхон Исоқжонов.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, фаол иштирокчилар эсдалик ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА