Кураги ерга тегмаган ёш полвонлар сараланди
Нукус шаҳрида белбоғли кураш бўйича 2008-2009 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувлари бўлиб ўтди.
Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда мамлакатимиз белбоғли кураш федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур чемпионатда мезбонлардан ташқари, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 300 нафардан ортиқ ёш полвонлар ғолиблик учун гиламга чиқди.
Чемпионатда ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналишда 11 та вазн тоифасида ўзаро куч синашган бўлса, қизлар эркин йўналишда 7 та вазнда ғолиблик учун кураш олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, белбоғли кураш йўналишида Зайнобиддин Собиров, Шоҳрух Жўраев, Абдумажид Ҳусанбоев, Азизбек Орифжонов, Рамзиддин Абдулҳамидов, Арсен Алиризаев, Аҳлиддин Маматкаримов, Саидислом Сайджалолов, Муҳриддин Умаров, Байишбек Маматалиев, Иқболжон Рўзибоев ўз вазн тоифаларида чемпионга айланди.
Қизлар ўртасидаги эркин йўналишда Жасмина Маъмуржонова, Шаббона Насриддинова, Баҳора Бердимуродова, Анелия Турдибоева, Жаннат Боранбоева, Шодиёна Тўйчибаева, Дилнурахон Аҳмаджонова ғолиб бўлган бўлса, ушбу йўналишда ўғил болалар ўртасида Санжарбек Ҳошимжонов, Жасурбек Ботиров, Муҳриддин Қувватов, Ерлан Қаллибеков, Илҳомжон Отажонов, Улуғбек Раҳмоналиев, Мухибуллоҳ Садирдинов, Акромжон Ҳикматов, Алишер Тўхтасинов, Шоҳрух Маҳмуджонов, Асадбек Эминжонов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Кучли учликдан жой олган спортчилар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
- Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, умуман, барча ҳамкор ташкилотларга мусобақанинг юқори савияда ўтганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Жорий йилги спорт мавсуми шогирдларимиз учун жуда муваффақиятли бўлди. Улар турли ёш тоифаларида ўтказилган жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, шоҳсупага кўтарилди. Ушбу натижалар мамлакатимизда миллий спорт турларига қаратилаётган улкан эътибор самарасидир. Ҳозирда Нукус шаҳрида миллий спорт турлари билан шуғулланиш учун барча имкониятлар етарли. Ушбу спорт турлари ёшларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ҳалоллик ва покликни, довюрак ва Ватанга садоқатни ўз ичида мужассам этган белбоғли кураш, кураш, ўзбек жанг санъати, турон каби спорт турларимиз билан шуғулланаётган ёшларимиз нафақат соғлом, энг муҳими ўз маданиятимизни ўрганган ҳолда камол топмоқда. Мақсадимиз, кейинги йилда ҳам миллий спорт турларимиз бўйича нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, Ўзбекистон шарафини янада юксалтиришдир, - дейди Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус шаҳар олий маҳорат мактабининг белбоғли кураш бўйича бош мураббийи Бокенбай Садуакасов ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА