Кулгинг оламни тутсин, болажон!
Дунёда болаларнинг беғубор қувончидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Зеро, келажак авлодларни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, уларга меҳр-мурувват ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади.
Дунёда болаларнинг беғубор қувончидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Зеро, келажак авлодларни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, уларга меҳр-мурувват ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади.
Ички ишлар вазирлиги академияси ташаббуси билан пойтахтимиздаги 23-сонли Меҳрибонлик уйида ўтказилган хайрия тадбири ҳам болажонларга бир олам шоду хуррамлик улашгани билан ёдда қолди.
Байрамона руҳда ўтган тадбир аввалида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий дунёқарашини юксалтириш мақсадида интерактив савол-жавоб ўтказилди. Ўзбекистон тарихи, миллий қонунчилигимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, давлат рамзлари, турли соҳаларда кечаётган ижтимоий-сиёсий янгиланишларга оид саволларга зукколик билан жавоб берган болажонлар китоб тўпламлари билан тақдирланди. Айниқса, касб танлашга йўналтирувчи психологик тренинг тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

– Болалигимдан ҳуқуқшунос бўлишни орзу қиламан, – дейди маскан тарбияланувчиси Сардор Зайнутдинов. – Давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги биз ёшларнинг муносиб билим олиб, келажакда касб эгаллашимиз учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Шу маънода, бугунги тадбир ҳам сиёсий-ҳуқуқий ва маъанавий дунёқарашимизни ўстириш учун жуда фойдали бўлди. Ҳомийларимиз томонидан тақдим этилган қизиқарли китоблар бўш вақтимизни мазмунли ўтказишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шундан сўнг академия қошида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик жамоаси ўз саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этди. Тадбир давомида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам она Ватанимиз ва тинчликни тараннум этувчи шеърлари билан барчага кўтаринки кайфият улашдилар.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими