Кожаэлида туркий мамлакатлар ёшларининг халқаро учрашуви ўтказилмоқда
Туркиянинг Кожаэли шаҳрида “Умумий мерос, ягона юрак” шиори остида Туркий дунё ёшлари учрашуви бўлиб ўтмоқда. 11 октябрга қадар давом этадиган тадбир туркий халқлар ёшлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни кенгайтириш ва муштарак тарихий меросни келажак авлодга етказишга қаратилган.

Кожаэли шаҳар ҳокимияти мезбонлигида ташкил этилган учрашувнинг расмий очилиш маросимида Туркия Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари, Туркий давлатлар билан алоқалар бўйича масъул Куршад Зорлу, TURKSOY Бош котиби Султон Раев, Кожаэли шаҳар ҳокими Тоҳир Буюкакин ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Ташкилотчилар маълумотига кўра, тадбирга ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар, шунингдек, туркий жамоалардан 500 нафар талаба ва рақамли медиа вакиллари таклиф этилган.
Учрашув доирасида ёшларнинг таълим, дипломатия, оммавий ахборот воситалари ва рақамли коммуникациялар соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Хусусан, туркий дунёнинг келажаги, умумий маданий ўзлик, ахборот алмашинуви ва ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

TURKSOY Бош котиби Султон Раев ўз нутқида ёшларнинг тарихий хотирани асраб-авайлаш ва муштарак маданий меросни замонавий илм-фан, санъат ҳамда технологиялар билан уйғунлаштиришдаги ўрнини таъкидлади.
Йиғинда спорт соҳасидаги янги ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Жумладан, Куршад Зорлу Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги ҳамда Туркия футбол федерацияси билан туркий давлатлардан келган футболчиларнинг мақомига оид масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, у ҳар икки йилда бир марта “Турк кубоги” футбол мусобақасини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Учрашувнинг маданий дастурида Ўзбекистоннинг “Music Bolalar” гуруҳи ҳам иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистоннинг “Alatau Serileri” гуруҳи, Қирғизистон вакили Гулзода Рискулова, озарбайжонлик хонанда Азерин ва туркиялик санъаткор Кирач ўз чиқишлари билан иштирокчиларга миллий мусиқа намуналарини тақдим этди.

Анжуман дастурига кўра, эртага ёшлар билан очиқ мулоқот ва якуний тадбирлар ўтказилиб, қатнашчиларга сертификатлар топширилади.
Нодира Кайимова, ЎзА
Кожаэли, Туркия