“Кўз қорачиғидай асрайлик, азиз Ватанни!”
Андижон вилояти Адлия бошқармасида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Кўз қорачиғидай асрайлик, азиз Ватанни!” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Отабек Бозоров иштирокчиларни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.

Вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси мутасаддилари, адлия тизими ходимлари, ҳарбий фахрийлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдаги фидокорона хизматлари алоҳида эътироф этилди. Президентимиз ташаббуси билан ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг жанговар салоҳияти юксалиб бораётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда вилоят адлия бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юртдошларимизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда ёш авлодни қонунларга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишдаги самарали хизматлари учун адлия тизими вакилларига Қуролли Кучларнинг “Ватан ҳимоячиси” нишони топширилди.

– Фаолиятим эътироф этилиб, “Ватан ҳимоячиси” нишони билан тақдирланганимдан хурсандман, – дейди вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Умиджон Ҳакимов. – Бундан буён юртимиз равнақи йўлида ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишларида янада фаол бўлишга ҳаракат қиламан.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари