Косонсойда янги иқтисодий кооперация иш бошлади
Наманган вилояти Косонсой тумани Гулбоғ маҳалласида иқтисодий кооперация ташкил этилди.
Мазкур “АОTEX” масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда “Zeynab” бренди остида тўқув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда.
Аёллар жемперлари, шарфлари, камзул, шапкалари, болалар ва ўсмирлар либослари шундай бежирим тайёрланмоқдаки, улар бутун Ўзбекистон бозорини эгаллаб улгурди.
[gallery-4451]
Тадбиркор Одил Исматуллаев 2,7 миллиард сўм маблағ эвазига тўрт қаватли ишлаб чиқариш биносини қурди. Шу кунларда корхона мазкур янги бинога кўчиб ўтади.
Айни пайтда тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ёрдамида корхонага замонавий дастгоҳлар келтириш учун 2,2 миллиард сўм кредит олинмоқда. Натижада, ишлаб чиқариш суръати ортиши билан бирга 120 та янги иш ўрни яралади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА