Корхонада иш ўрни 5 мингтага етказилади
Сирдарё вилоятидаги “Сирдарё мега люкс” қўшма корхонаси полипропилендан катта сиғимли қоплар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхонада тайёрланаётган қоплар 500 килограммдан 5000 килограммгача юк кўтариш учун мўлжалланган бўлиб, ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги, логистика каби кўплаб соҳаларда уларга талаб юқори.
Еттита корпусдан иборат корхонада жорий йил май ойида икки қаватли плёнка тайёрлаш йўлга қўйилди. Яқин ойларда стреч плёнка ва спанбонд технологияси асосида нотўқима мато ишлаб чиқариш бошланади.
[gallery-4212]
Ҳозирда корхонада 2 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган. Янги лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққач, иш ўринлари 5 мингтага етади.
Корхона маҳсулотлари Россия, Исроил, Беларусь, Украина, Қозоғистон каби 14 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Янги лойиҳалар билан биргаликда экспорт ҳажми 215 миллион долларга етказилиши мўлжалланган.
Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА