Коррупцияга қарши курашиш кун тартибида
Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоятдаги соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар кенг муҳокама этилди.
Хусусан, маиший коррупцияни бартараф этиш, тиббий муассасаларда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, шифохоналардаги ўринларни беморлар учун адолатли тақсимлаш ва кадрлар танловида холислик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Санжар Худойбердиев сўзга чиқиб, 2024 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, шунингдек, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида ҳисобот берди.

Таъкидланишича, 2024–2025 йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизими ходимлари томонидан 27 та коррупциявий жиноят қайд этилган. Ушбу ҳолатлар таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, тизимда мавжуд бўшлиқлар ва ечим талаб этувчи йўналишлар белгилаб берилди.

Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари, маҳаллий депутатлар, прокуратура ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирок этди. Савол-жавоблар форматида ўтган мулоқотда танқидий таҳлилларга кенг ўрин берилди ва таклифлар тингланди.

Йиғилиш якунида 2025 йил ва ундан кейинги давр учун мўлжалланган, коррупцияга қарши курашиш борасидаги аниқ чора-тадбирлар, самарали ёндашув ва вазифаларни қамраб олган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Унда тизимли ислоҳотлар, рақамлаштириш, жавобгарликни кучайтириш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш каби устувор йўналишлар акс этган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири