Коррупцияга қарши курашиш бўйича семинар-тренинг
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун “Коррупция, экстремизм ва порахўрликнинг барча шаклларини жиддий равишда қисқартириш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Бугунги кунда давлат бошқаруви тизимининг шаффофлигини таъминлаш ва аҳолининг давлат институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш устувор вазифага айланди. Бу борада коррупция иллатига қарши муросасиз муҳитни шакллантириш энг муҳим қадамлардан биридир. Мазкур мақсад йўлида давлат ташкилотлари ходимлари учун махсус тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Шу мақсадда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходими Мироншоҳ Расулов иштирок этиб, Коррупцияга қарши курашиш, экстремизмнинг олдини олиш, порахўрликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда бу борадаги долзарб масалалар юзасидан маъруза қилди.

Семинар давомида хизмат вазифасини бажаришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, касб этикасига риоя қилиш ва қонуний жавобгарлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир давомида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА