Коррупцияга қарши курашиш – барчанинг бурчи
Барча соҳаларда ҳалоллик, адолат, очиқлик ва шаффофлик тамойилларининг устувор бўлиши мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳалоллик мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар даврида ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва сифат кафолати ҳисобланади.
«Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бош бошқармасига қарашли Ургут банк хизматлари марказида коррупциянинг олдини олиш, банк ходимлари томонидан мансаб ва мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш каби ҳолатларга йўл қўймаслик масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда «Ўзмиллийбанк» акциядорлик жамияти Коррупциянинг олдини олишни мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Ш. Зиятов, бошқарма бош юрисконсульти С. Нуруллаев, Ургут тумани прокурори ёрдамчиси Б. Бўриев ҳамда Ургут тумани ички ишлар соҳаси масъуллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, хорижий сармоядорлар фақатгина ҳалоллик ва қонун устуворлиги таъминланган бозорларга инвестиция киритади. Адолат тамойиллари устувор бўлган барқарор мамлакатнинг дунё ҳамжамиятидаги мавқеи ва нуфузи юксалади. Айни пайтда коррупция ва яширин иқтисодиётга чек қўйиш иқтисодий ҳамда ижтимоий соҳаларда соғлом рақобат муҳитини юзага келтиради. Қонунга итоаткорлик, адолат ва ҳалолликка қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир.
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ҳуқуқий ва профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш билан боғлиқ мавзулар хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА